Жаҳон | 22:12 / 25.09.2024
7294
2 дақиқада ўқилади

FT: Евгений Пригожин пулларни яширин равишда ғарб банклари орқали ўтказган

«Вагнер» ХҲК асосчиси Американинг JPMorgan Chase ва Британиянинг HSBC банкларидан Африкадаги бизнесига тўловларни ўтказишда фойдалангани маълум бўлди.

Фото: Concord Press Office / TASS

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин яширин равишда Американинг JPMorgan Chase ва Британиянинг HSBC банкларидан Африкадаги бизнесига тўловларни ўтказишда фойдаланган. Бу ҳақда Вашингтондаги Илғор мудофаа тадқиқотлари маркази маълумотларига таяниб, Financial Times газетаси хабар берди.

Тарқалган ҳужжатлардан маълум бўлишича, 2017 йил августда Пригожин томонидан назорат қилинган Судандаги Meroe Gold кон компанияси Хитойнинг Henan Liming компаниясидан 688 минг долларлик ускуналарни харид қилган. Оралиқ тўлов Ню-Йоркдаги JPMorgan Chase орқали ўтказилган.

Ўша йилнинг сентябрида Meroe Gold Хитойнинг AGG Power Technology компаниясидан қарийб 80 минг долларга генераторлар ва эҳтиёт қисмлар харид қилган. Ушбу тўлов ҳам JPMorgan Chase, ундан кейин эса HSBC гуруҳига кирувчи Ҳонгконгдаги Hang Seng Bank орқали ўтган.

FT’нинг қайд этишича, ушбу банклар тўловлар қаердан келганидан хабардор эканини тасдиқловчи бирор исбот йўқ. HSBC журналистларга Судандаги транзакцияларга изоҳ беришдан бош торган, бироқ банк «молиявий жиноятларга қарши кураш ва жаҳон молиявий тизими яхлитлигига содиқлигини» қўшимча қилган. JPMorgan вакиллари эса текширув ўтказилган, аммо тегишли транзакциялар бўйича қайдларни топа олмаганини маълум қилди.

Евгений Пригожин 2016 йилдан, «Вагнер» ХҲК эса 2017 йилдан бери АҚШ санкциялари остида бўлган. Meroe Gold компанияси бўлса «Пригожинга тегишли экани ёки у томонидан бошқарилиши» муносабати билан 2018 йилда Америка санкцияларига учраган.

Мавзуга оид