Жаҳон | 13:20 / 25.09.2024
5663
4 дақиқада ўқилади

Исроил авиацияси Ливанни бомбалашни давом эттирмоқда

Ҳужум қурбонлари сони 560 дан ошган. ЦАҲАЛ Байрутга йўлланган зарба оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг ракета кучлари қўмондони ҳалок бўлганини маълум қилган.

Байрутга зарба оқибатлари. Фото: Houssam Shbaro / Anadolu / Getty Images

Исроил армияси 24 сентябр куни, қаторасига иккинчи кун Ливан бўйлаб ёпирилма зарбаларни амалга оширди, ЦАҲАЛ бу ҳужумлар нишони «Ҳизбуллоҳ»га алоқадор бўлган объектлар саналишини билдирган. Ливан пойтахти Бейрут ҳам авиазарбалар остида қолган.

Исроил мудофаа армияси ҳисоботида Бейрут бўйлаб аниқ зарбалар натижасида «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий қаноти етакчиларидан бири, гуруҳнинг ракета кучлари қўмондони Иброҳим Ал-Кубайсий ҳалок бўлгани айтилган. ЦАҲАЛ матбуот хизмати зарба келиб тушган вақтда унинг ёнида ҳаракатнинг «бошқа муҳим командирлари» ҳам бўлгани ҳақида хабар берган. Исроиллик ҳарбийларга кўра, Ал-Кубайсий «кўп йиллар давомида Исроил фуқаролари устига ракета ёғдириш» ҳамда «кўп сонли террорчилик ҳужумлари»ни режалаштиришга масъул бўлган.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги эса Бейрут бўйлаб зарба оқибатида олти киши ҳалок бўлгани, 15 киши яралангани ҳақида хабар берган, аммо уларнинг қанчаси «Ҳизбуллоҳ» азолари эканига аниқлик киритилмаган. Гуруҳнинг ўзи ҳам зарба юзасидан изоҳ бермаган.

Ўз навбатида, 24 сентябр куни «Ҳизбуллоҳ» ҳам Исроил томон 270 ракета учирган. Ҳайфа, Назарет, Цфат ва бошқа шаҳарларда ракета хавфи тўғрисида сиреналар янграган. Вайронгарчиликлар ҳақида хабар қилинмаган, бир неча киши жароҳатланган.

ЦАҲАЛдагилар бомбалашнинг икки куни давомида 200 та турли жойда «Ҳизбуллоҳ»га алоқадор бўлган 1500 нишонга ҳужум қилингани — 400 та ракета учириш қурилмаси ва қурол омборлари бўлган 70 та бино зарбага йўлиққанини маълум қилган. Исроил армияси «Ҳизбуллоҳ» инфратузилмасини буткул йўқ қилиб, «[Исроил] шимолидаги хавфсизликни таъминлаш» учун зарба йўллашда давом этишни ваъда қилган.

Ливан жануби бўйлаб авиазарбадан кейин кўтарилган тутун, 2024 йил 24 сентябр
Kawnat Haju / AFP / Scanpix / LETA

Ливандаги вазият БМТ Бош ассамблеясининг Ню Йоркда давом этаётган сессиясида муҳокама қилинди. Ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон ҳамжамиятини «эскалация юзасидан хавотир билдириш»га ва Ливан «иккинчи Ғазога айланишига йўл қўймаслик»ка чақирган. АҚШ президенти Жо Байден Исроил бомбалашни бошлагани фонида ҳам дипломатик ечим борлиги ва «ҳеч ким кенг кўламли урушдан манфаатдор эмаслиги»ни таъкидлаган.

Туркия президенти Ражаб Эрдўған эса Исроилнинг Ғазодаги ва Ливандаги ҳаракатларини кескин танқид қилиб, «инсоният 70 йил муқаддам Ҳитлерни тўхтатгани каби Нетаняҳу ҳамда унинг қотиллар тўдасини ҳам тўхтатиш»га чақирган. «Биз ҳозирги шароитда [Исроилни тийиб туриш учун] куч ишлатиш масаласини кўриб чиқишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз», — деган Туркия президенти.

Исроил ҳафта бошида Ливан ҳудудини кенг кўламли бомбардимон қилишни бошлади. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозиргача 569 киши ҳалок бўлган, шундан 50 нафари болалар ва 94 нафари аёллар, шунингдек 1835 киши яраланган. Мамлакат жанубида яшовчи минглаб кишилар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Мавзуга оид