Ўзбекистон | 16:15 / 25.09.2024
4378
2 дақиқада ўқилади

Музработ туманига янги ҳоким тайинланди

Сўнгги икки йил давомида туманга раҳбарлик қилиб келган Абдурашид Исмоилов ўрнини фермер хўжалиги раҳбари эгаллади.

Фото: Музработ тумани ҳокимлиги

Халқ депутатлари Музработ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов сессияда иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди.

Вилоят раҳбари шу вақтга қадар туман ҳокими вазифасида ишлаб келган Абдурашид Исмоилов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилганини билдириб, Алишер Қурбонович Қурбонов номзодини Музработ тумани ҳокими этиб тайинлаш таклифини билдирди. Номзод депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Алишер Қурбонов 1973 йилда Музработ туманида туғилган. 1995 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини, 2005 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – иқтисодчи-ташкилотчи, юриспруденция.

Фаолияти давомида Ички ишлар органларида турли лавозимларда ҳамда хусусий секторда меҳнат қилган. Тайинловга қадар А.Қурбонов «Амирқулбобо КАА» фермер хўжалиги раҳбари бўлиб фаолият юритиб келаётган эди.

Вилоят раҳбари янги ҳокимга туманда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, мавжуд имкониятларни ишга солиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида янги вазифаларни белгилаб берди ҳамда фаолиятида муваффақиятлар тилади. Шунингдек, туман фаоллари ҳамда мутасаддиларидан янги ҳоким бошчилигида туман ривожи учун меҳнат қилишни сўради.

Маълумот учун, Абдурашид Исмоилов туманга 2022 йил сентябридан буён раҳбарлик қилиб келаётганди. 

Мавзуга оид