Спорт | 21:41 / 26.09.2024
7542
2 дақиқада ўқилади

Баскетбол федерацияси раҳбарлари талон-торожлик учун жазоланди

Улар бир неча юз миллион сўм маблағларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани таъкидланмоқда.

Фото: Getty Images

Баскетбол федерацияси раҳбарлари ташкилот маблағларини талон-торож қилгани учун жазоланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Баскетбол федерацияси ижрочи директори Ю.С. ва иш бошқарувчиси С.И. жиноий тил бириктириб, С.И.нинг онаси ва укаси номига «S.A.G» МЧЖ ташкил қилиб, спортчилар соғлиғини мониторинг қилишга мўлжалланган 2 дона махсус ускуна учун федерациядан 197 млн сўм маблағни жамият ҳисобига ўтказиб, талон-торож қилган. Ускуналар етказиб берилмаган.

Шунингдек, 1-вице президент Х.Г. федерацияга тегишли бўлган корпоратив пластик картадан ноқонуний равишда шахсий эҳтиёжлари учун 162 млн сўм маблағни ечиб олиб, ўзлаштирган.

Бундан ташқари, юқоридаги мансабдор шахслар томонидан федерацияга гуёки ҳомийларни жалб қилиш хизматларини кўрсатиш ҳақида сохта шартнома расмийлаштирилиб, федерациянинг 130 млн сўм маблағи ўзлаштирилган.

Бош прокуратура хабарига кўра, аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган. Шунингдек, суд ҳукми билан айбдорларга тегишли жазо чоралари қўлланган. Бу жазо чоралари қандай эканига аниқлик киритилмаган.

Мавзуга оид