Жаҳон | 11:10 / 26.09.2024
2840
3 дақиқада ўқилади

Боррел: Биз уруш Украинанинг мағлубияти билан тугашини истамаймиз

«Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашда қатъий қолади», деди Европа дипломатияси раҳбари БМТ Хавфсизлик кенгашида сўзлаган нутқида.

Фото: EPA/Vostock-photo

25 сентябр, чоршанба куни Ню-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Россиянинг Украинага қарши уруши қандай якун топиши муҳим аҳамиятга эга, деди. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашда собит бўлиб қолади, бу ҳаракатлар узоқ муддатли тинчликка эришишга қаратилган.

«Мен барча тинчликсеварларга мурожаат қиламан: бу урушни қандай тугатиш муҳимлигини унутманг, — дея Боррел сўзларини келтиради ЕИ дипломатик хизмати ўз веб-сайтида. — Урушни тугатиш усулларидан бири украиналиклар давлатнинг ҳудудий яхлитлиги бузилишига таслим бўлишлари — бу ҳуқуқбузарликни содир этган шахс учун »яхши мисол» бўлади ва уни қайта-қайта такрорлашга ундайди».

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Украинадаги вазият бўйича БМТнинг «аниқ ҳисоботлари» мазмунини эслатди: «Уйлар ва инфратузилмаларни атайлаб вайрон қилиш, тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган хизматлардан маҳрум қилиш. Қиш мавсуми бошланганда мамлакатнинг электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати учдан икки қисми йўқ қилинди».

РФнинг Эрон ва КХДР томонидан қўллаб-қувватланиши тўғрисида

Шу билан бирга, Эроннинг Россияга қисқа масофали баллистик ракеталарни топшириши, шунингдек, Шимолий Кореядан Россия Федерациясига қурол-яроғ етказиб берилиши, Москвага ўз тажовузини давом эттириш имкониятини бериб, «муҳим моддий эскалация ва кучайиш, Европа хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдиддир», дея таъкидлади Жосеп Боррел.

«Ушбу қуроллар катта эҳтимол билан Украина тинч аҳолисига қарши қўлланади, бу эса уруш оқибатида кўпроқ азоб ва вайронагарчиликка олиб келади», деди у.

Боррел, Европа Иттифоқи Украина учун хоҳлаган тинчлик халқаро ҳуқуқий тартиб ва ​​БМТ Низомига асосланганлигини таъкидлади. Украина бўйича сўнгги тинчлик саммити якунларида қўшма коммюникени қўллаб-қувватлаган 110 та ҳамкор ҳам худди шундай позицияда, дея қўшимча қилди у.

Россияга қарши санкцияларнинг бузилиши тўғрисида

«Охир-оқибат, улар (украиналиклар) қандай шартлар асосида бу урушнинг тугатилишини хоҳлашларини аниқлаш Украинага ва фақат Украинага боғлиқ», деди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари.

Ўз сўзи якунида Жозеп Боррел Россия Федерациясининг Украина билан уруши туфайли унга нисбатан қўлланган санкциялар бузилишининг кўплаб ҳолатларини тилга олди ва уларга бефарқ қолмасликка чақирди, чунки бундай қонунбузарликлар туфайли уруш давом этмоқда.

Мавзуга оид