Жаҳон | 19:47 / 27.09.2024
14139
4 дақиқада ўқилади

Британиялик актриса Мэгги Смит вафот этди

У Ҳарри Поттер ҳақидаги филмларда профессор Миневра Макгонагалл роли орқали танилганди.

Фото: Sky News

Британиялик актриса Мэгги Смит 89 ёшда оламдан ўтди. Бу ҳақда BBC News унинг фарзандлари Тоби Стивенс ва Крис Ларкинга асосланиб хабар бермоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, Смит хоним ҳаётининг сўнгги кунларини Лондондаги шифохонада яқинлари қуршовида ўтказган.

«Жуда ёпиқ одам сифатида у ҳаётининг охирги қисмини дўстлари ва оиласи билан ўтказди. Ундан икки ўғил ва беш нафар севимли набира қолди, улар меҳрибон онаси ва бувисидан маҳрум бўлишди. Биз шифохона ходимларига унинг ҳаётининг сўнгги кунларида кўрсатган ғамхўрлиги ва давомий меҳри учун миннатдорчилик билдирамиз», — дейилган баёнотда.

Мэгги Смит Ҳарри Поттер ҳақидаги филмларда профессор Минерва Макгонагалл ролини ижро этиш орқали танилганди, шунингдек, киноихлосмандлар уни «Даунтон аббатлиги» сериали ва бошқа кўплаб картиналардаги ижроси орқали билишарди: Смит хоним — «Оскар» мукофотининг икки карра  лауреати бўлган (1970 йилда — «Мисс Жин Бродининг порлаши», 1979 йилда — «Калифорния отели» филмлари учун). 1989 йилда Британия империяси Ордени Командор-хоними даражасини олган.

1950-йиллардан бошланган фаолияти давомида у жуда кўп роллар ижро этган — Дездемонадан тортиб мисс Жин Броуди, Виржиния Вулф ва Минерва Макгонагаллгача. «Менинг карерам мураккаб, - деганди у 2004 йилда Guardian учун берган интервюсида. Мен комедия амплуаси асирига айланиб қолгандекман. Агар сиз комедияда суратга тушсангиз, сизни ҳисобга олишмайди. Комедияни ҳеч қачон жиддий иш деб қабул қилишмаган». Аммо Смит юмористик бўлмаган драматик ролларни ижро этишга ҳам улгурганди: у Миллий театрда Лоренс Оливе билан ўйнаган, «Жудит Ҳирннинг ёлғизликдаги ҳиссиётлари» филмидаги ижроси учун энг яхши аёл актриса сифатида BAFTA мукофотини қўлга киритган, 1970 йилда Ингмар Бергманнинг «Гедда Габлер» филмида бош ролни ижро этган.

Смит 1934 йилда Оксфордда туғилган ва ўсмирлик чоғларидаёқ шаҳардаги Playhouse театрида рол ўйнашни бошлаган. 1952 йилдан киноларда ҳам суратга тушишни бошлаган, 1958 йилда Сет Ҳолтнинг «Ҳеч қаерга йўл йўқ» триллерида илк жиддий ролини олган, бу ижроси орқали иккинчи пландаги энг яхши актриса номинациясида BAFTA мукофотига номзод бўлган. Кейинроқ Лоренс Оливе билан яқиндан ишлай бошлаган, 1962 йилда у томонидан қайта уйғонаётган Миллий театрга таклиф этилган, бу ерда қатор спектаклларда ўйнаган, жумладан «Отелло»да Дездемона ролини ижро этган.

1969 йилда у «Мисс Жин Броудининг порлаши» филмида бош ролни ижро этади — бу Мюриэл Спаркнинг эдинбурглик мактаб ўқитувчиси, Муссолинидан ҳайратланадиган аёл ҳақидаги романининг экранлаштирилиши бўлганди; 1970 йилда Смит бу роли учун энг яхши актриса сифатида «Оскар» мукофотини қўлга киритади. 2001 йилда Смит Ҳарри Поттер ҳақидаги филмлар сериясида Минерва Макгонагалл ролини олади, франшизанинг «Ажал туҳфалари»нинг биринчи қисмидан бошқа барча қисмларида қатнашади. Айнан ўша пайтларда у «Даунтон аббатлиги» сериалида графиня Грэнтэм ролини олади ва бу ролни 2019 ва 2022 йилларда чиққан икки филмда такрорлайди. Актриса иштирокидаги бошқа филмлар қаторида — «Нилдаги ўлим», «Миссионер», «Биринчи рафиқалар клуби» кабилар бор.

Мавзуга оид