Навоийда заҳарли илон ва чаёнлар питомниги ташкил этилди
Кобра, гюрза ва эфа каби заҳарли ҳайвонларни кўпайтириш ҳамда сақлаш билан шуғулланадиган питомникда улардан олинадиган зардоблар асосида турли хил фармацевтик воситалар ҳам тайёрланади. Мутахассислар ушбу питомник соғлиқни сақлаш, саноат ва илм-фан ривожида янги босқични бошлаб беришига умид билдирмоқда.
Навбаҳор туманида заҳарли ҳайвонларни кўпайтиришга ихтисослашган йирик питомник иш бошлади. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “BRAIN” савдо белгиси остида “Biotech Research and Innovation” МЧЖ илмий-ишлаб чиқариш комплексини ишга туширган. Комплексда илон ва чаёнсимонлар оиласига мансуб жониворлар етиштирилади, уларнинг яшаш тарзи устида тадқиқот ва ўрганиш ишлари олиб борилади. Шунингдек, улардан олинадиган зардоб асосида турли хил фармацевтик ва косметологик воситалар тайёрлаш, заҳри асосидаги препаратларни сертификатлаш режалаштирилган.
Питомник кобра, гюрза ва эфа каби заҳарли ҳайвонларни кўпайтириш ва сақлаш билан шуғулланади. Комплекс серпентарий, виварий, инкубаторли террариум, биокимёвий лаборатория, ўқув маркази, ишлаб чиқариш омбори каби иншоотлардан ташкил топган.
Мазкур лойиҳага 5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, йиллик экспорт миқдори 7 млн АҚШ долларини ташкил этиши кўзланган. Лойиҳа босқичма-босқич ривожлантириб борилади ҳамда 2030 йилга бориб тўлиқ ишлаб чиқариш қувватига чиқади.
Қайд этилишича, комплексда йўқолиб кетаётган илонлар, чаёнлар ва тошбақаларни сақлаш ва кўпайтириш учун оптимал шароитлар яратилади. Бу ерда Зоология институти ҳамда Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти билан яқиндан ҳамкорлик қилиниб, олимларга назорат остидаги муҳитда тадқиқотлар ўтказиш имконияти ҳам тақдим этилади. Илмий-тадқиқот лабораторияси ва виварий зардоблар ва биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш учун заҳарларни ўрганиш билан шуғулланади.
Қўшимча қилинишича, дастлабки босқичда питомникка 40 та заҳарли илон олиб келинган. Кейинчалик аҳолидан ҳам заҳарли илон ва чаёнларни сотиб олиш имконияти йўлга қўйилади.
Мавзуга оид
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024
Навоий давлат университети ташкил этилди
21:16 / 31.10.2024
Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
16:28 / 31.10.2024