Жаҳон | 11:30
1020
2 дақиқада ўқилади

БМТ: 100 000 киши Ливандан Сурияга қочди

Исроилнинг Ливанда «Ҳизбуллоҳ» позицияларига берган зарбалари туфайли ўн минглаб одамлар Сурияга қочмоқда, дея маълум қилди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги.

Фото: Hummam Sheikh Ali/Xinhua/picture alliance

Исроилнинг Ливанда «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қарши ҳарбий амалиёти бошланганидан бери юз мингга яқин одам мамлакатдан қўшни Сурияга қочиб ўтган. Бу ҳақда 30 сентябр, душанба куни БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Гранди маълум қилди.

Грундининг сўзларига кўра, чегарага келаётган одамлар оқими тўхтамаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги қўшимча қилишича, БМТ ходимлари Сурия чегарасидаги тўртта назорат-ўтказиш пунктида янги келганларга ёрдам бериш учун маҳаллий ҳокимият ва Қизил Ярим ой ходимлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Аниқлик киритилишича, қочқинларнинг 60 фоизга яқини сурияликлар, қолган 40 фоизи ливанликлардир.

Аввалроқ Ливан бош вазири Нажиб Микати Исроилнинг мамлакат бўйлаб йирик ҳаво ҳужумлари бошланганидан сўнг, уйларини ташлаб кетганлар сони бир миллионга яқинлашганини айтган эди. У буни «Ливан тарихидаги одамларнинг энг катта кўчиши» деб атади.

Исроил Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»га қарши операция бошлади

Исроил Ливан жанубидаги чегара ҳудудида «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи нишонларига қарши «чекланган, маҳаллийлаштирилган ва мақсадли рейдлар» бошлади. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 1 октябрга ўтар кечаси баёнот берди.

Баёнотда, Исроил ҳаво кучлари ва ЦАҲАЛ артиллерияси ҳудуддаги ҳарбий нишонларга «аниқ зарбалар» бериб, Исроил қуруқликдаги кучларини қўллаб-қувватлаётгани айтилади. «Шимол ўқлари» операцияси мавжуд вазиятни баҳолашга мувофиқ ва Ғазо сектори ва бошқа ҳудудлардаги жанглар билан параллел равишда давом этади, дея таъкидлайди ЦАҲАЛ.

Душанба куни кечқурун Al Arabiya ва Al Hadath телеканаллари Исроил танклари Рмейш қишлоғи ҳудудида жойлашгани ҳақида хабар беришди. Бундан олдин Исроилнинг зирҳли техникалари артиллерия ва авиация ниқоби остида Ливаннинг чегара ҳудудларига кириб келгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Мавзуга оид