Самарқанддаги хорижлик ўқитувчилар: мактаблар учун янги тажриба
Хорижий тилларни мактабда ўқитиш масаласига юртимизда жиддий киришилган. Маҳаллий ўқитувчиларга устамалар берилиши билан бирга, республикамизнинг турли туманларида хориждан алмашинув дастури асосида хорижлик ўқитувчилар ҳам келиб, болаларга дарс беришмоқда.
Биз Самарқанд вилоятидаги учта мактабда бўлиб, хориждан келган инглиз тили ўқитувчиларининг фаолияти, уларга яратилган шарт-шароитлар билан танишдик.
Дастлабки манзилимиз Каттақўрғон шаҳридаги 11-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби бўлди. Бу ерда АҚШдан келган ўқитувчи Кетлин Маура Кеннеди янги ўқув йилидан бошлаб инглиз тилидан дарс бермоқда. У мамлакатимиздаги фаолияти ҳақида қисқача ҳикоя қилиб берди.
«Бу ерда ишлаётганимдан хурсандман. Ҳали келганимга кўп бўлмади, мени илиқ кутиб олишди. Ўқувчилар менга кулиб қарашади, мен билан гаплашгилари келади. Мен Америкаданман, касбим халқаро инглиз тили ўқитувчиси. Қўшма штатларда 20 йил инглизчадан дарс берганман. Халқаро фаолиятим давомида Янги Зеландия, Коста-Рика, Мянмада ишлаганман. Турли маданият вакиллари билан ишлаш менга завқ бағишлайди. Мактабдаги ўқувчиларимнинг инглиз тилини ўрганишга бўлган иштиёқи мени хурсанд қилди», — деди Кетлин Маура Кеннеди.
Шу куни мактабда шаҳардаги барча 17 та мактабнинг инглиз тили ўқитувчилари иштирокида семинар ҳам бўлиб ўтаёган экан. Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова ҳам Каттақўрғон шаҳрида хорижлик ўқитувчилар билан тажриба алмашиш борасидаги ўз фикрларини билдирди.
Иштихон туманидаги 1-умумтаълим мактабида филиппинлик ўқитувчи Червин Макаранас болаларга инглиз тилидан дарс бермоқда. Маҳалла аҳли хорижлик ўқитувчига барча шароини ҳозирлаган. Болалар ҳам чет эллик ўқитувчи дарс ўтаётганидан хурсанд.
«Мактабни ўз уйимдек қабул қилдим, илмга чанқоқ болалар билан ишлашдан завқланяпман. Ўзбекистонга келганимга ҳали икки ҳафта бўлди, лекин ўқувчиларимнинг ёрдами билан бу ерга мослашиб кетдим.
Бу менинг хориждаги илк ишим, шу боис ўзим учун ҳам ажойиб тажриба. Бизда мактабдан бошлаб инглиз тили чуқур ўргатилади, шу учун кўпчилик бу тилда яхши гаплашади. Бизнинг давлатимиз инглиз тили иккинчи тил бўлиши кераклигини вақтида тушуниб етган.
Иштихондаги шогирдларимнинг инглиз тилини ўрганишга, IELTS сертификати олишга интилишларидан ҳайратландим. Умид қиламан, улар билан яхши натижаларга эришамиз», — деди Червин Макаранас.
Иштихондаги 1-мактаб жамоаси ҳам хорижлик ўқитувчининг иш тажрибаси билан яқиндан танишаётгани, Макаранас маҳаллий ўқитувчилар учун мастер-класс ўтиб берганини маълум қилишди.
Тойлоқ туманидаги 21-мактабга ҳиндистонлик ўқитувчи Сунита Башпа, мана иккинчи йилдирки келмоқда. Уни маҳаллий ўқувчилар жуда яхши кўриб қолишган. Биз билан суҳбатда Сунита хоним Самарқанд иккинчи ватани, мактаб жамоаси эса иккинчи оиласи бўлиб қолганини таъкидлаб ўтди.
«Тайлоқдаги мактабда 9, 10 ва 11-синфлар билан ишлаяпман. Бу ерга келиб гувоҳ бўлганим — аввало яхши ташкилотчилик, фаол директор ва ажойиб ўқитувчилар бўлди, улар билан дўстлашиб олдик.
Бу мактабни яхши кўриб қолдим, талабалар инглиз тилини ўрганишни жуда исташади, бу ажойиб. Бу мактабда ишлаш имконига эга бўлганимдан хурсандман», — деди Сунита Башпа.
Қарийб 2000 ўқувчи ўқийдиган ушбу мактабда 13 нафар маҳаллий инглиз тили ўқитувчиси бор экан. 21-мактаб инглиз тили услубий бирлашмаси бошлиғи Ҳилола Алиева ҳиндистонлик Сунита Башпа ушбу жамоага 14-ўқитувчи бўлиб кирганини таъкидлади.
Умуман олганда, жорий ўқув йилида Самарқанд вилоятида 25 нафар хорижий мутахассис ўқитувчилар жалб қилиниши режалаштирилган.
Вилоят мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати берган маълумотга кўра, бугунги кунда вилоятда Россиядан 14 нафар, АҚШдан 1 нафар, Филиппиндан 4 нафар, Ҳиндистондан 1 нафар ва Франциядан 1 нафар — жами 21 нафар хорижлик ўқитувчилар келиб, мактабларда дарс ўтмоқда. Октябр ойидан бошлаб яна 4 нафар ўқитувчи келиши кутилмоқда.
Каттақўрғондаги мактабда бир янглик бироз кўнглимизни ғаш қилди. Бир кун аввал АҚШда Кэтлин хонимнинг 23 яшар ўғли вафот этибди. У энди қисқа муддатга АҚШга бориб келар экан. Маросимларни ўтказиб албатта қайтиб келишини билдирган. Оиласида рўй берган қайғуга қарамасдан ўз касбига фидойи экани бизни лол қолдирди.
Ўқитувчилар кунида ватанимизда қунт ва сабот билан меҳнат қилаётган барча устозларни касб байрамлари билан табриклаймиз.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири.
Жаҳонгир Алибоев, оператор ва монтажчи.
Мавзуга оид
13:56 / 22.11.2024
Ўзбекистонда ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди, нега?
09:30 / 22.11.2024
“Бошида кимёга умуман қизиқмаганман” – ўқитувчилик ортидан миллиардерга айланган Моҳира Болтаева
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
08:10 / 21.11.2024