Жаҳон | 08:20
3349
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Исроил ЦАҲАЛнинг Эрондаги эҳтимолий нишонларини муҳокама қилмоқда

Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх Эрон ҳужумига жавоб бериш вариантларини излаш доирасида Исроил билан алоқа ўрнатилганлигини тасдиқлади, бироқ эҳтимолий нишонларни очиқлашдан бош тортди ва уларнинг оммавий муҳокамасини «номақбул» деб атади.

Фото: Amir Levy / Getty Images

АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх 3 октябр, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Қўшма Штатлар ҳукумати Исроил билан Эроннинг йирик ракета ҳужумига эҳтимолий жавоб чораларини мувофиқлаштираётганини маълум қилди. «Аммо мен эҳтимолий нишонлар қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тафсилотларни муҳокама қилишни ўринсиз ва унчалик фойдали эмас деб ҳисоблайман», деди Пентагон вакили Исроил Эрон нефт объектларини нишон сифатида кўрадими, деган саволга жавоб берар экан.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ўз маъмурияти Исроилнинг Эрон нефт саноатига эҳтимолий ҳужумини «муҳокама қилаётганини» айтди. Сиёсатчининг изоҳи нефтнинг жаҳон нархларида сакрашга сабаб бўлди. Лондоннинг ICE биржасида Brent маркали нефт нархи сентябр бошидан бери биринчи марта 5,04 фоизга ошди ва бир баррел учун 77,63 долларгача кўтарилди.

Бир кун аввал Америка етакчиси Вашингтон Исроилнинг Эрондаги ядровий иншоотларга зарба беришига қарши эканини таъкидлади.

АҚШ ва Исроил Эрон ҳужумига жавобни муҳокама қилмоқда

Оқ уй Исроил билан Эроннинг аввалроқ Исроил ҳудудига берган йирик ракета зарбасига жавоб чоралари ҳақида музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда 1 октябр куни АҚШ президенти Жо Байден журналистларга маълум қилди. У Эрон ҳужуми пайтида унинг жамоаси исроиллик ҳамкасблари билан алоқада бўлганини таъкидлади ва шунингдек, тез орада бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан Исроилнинг керакли жавобини муҳокама қилишини айтди.

Байденнинг таъкидлашича, Эрон ҳужуми Қўшма Штатлар ва Исроилнинг ҳарбий салоҳияти туфайли «тўхтатилган». Аввалроқ Исроил Мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) матбуот котиби Даниэл Ҳагарий Эрон томонидан отилган ракеталарнинг аксарияти Исроил, АҚШ ва номи ошкор этилмаган бошқа иттифоқчилар томонидан уриб туширилганини даъво қилган эди.

Мавзуга оид