Жамият | 22:17 / 04.10.2024
3929
2 дақиқада ўқилади

Концертларнинг сценарийларини олдиндан текшириш тартиби жорий этилиши мумкин

Маданият вазирлиги ишлаб чиққан қарор лойиҳаси тасдиқланса, концертлардан олдин уларнинг батафсил сценарийсини “Ўзбекконцерт”га тақдим этиш ва кўриб чиқиш учун тўлов қилиш керак бўлади. Ғоявий-бадиий савияси паст, миллий анъаналар ва умумбашарий қадриятларга мос эмас деб топилган тадбирларни ўтказишга рухсат берилмайди.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда концерт-томоша тадбирларининг ташкилотчиларига янги талаб қўйилиши мумкин. Маданият вазирлиги бу борада ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Лойиҳага кўра, концерт-томоша ўтказишга рухсат олиш учун ташкилотчилар концерт-томошанинг батафсил тафсилотларигача ёритиб берилган аниқ сценарийсини “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига тақдим этиши кўзда тутилмоқда.

Муассаса ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳузуридаги эксперт комиссиялари бу сценарийларни кўриб чиқишда:

  • тадбир дастури ёки сценарийсининг ғоявий-бадиий савиясига;
  • намойиш этилиши режалаштирилган репертуарнинг миллий анъаналар ва умумбашарий қадриятларга мос келишига;
  • тадбир дастури ёки сценарийсида Ватанга садоқат, Она юртга муҳаббат каби туйғуларнинг акс эттирилганига эътибор қаратади.

Эксперт комиссияси сценарийларни юқоридагиларга асосан кўриб чиқиб, концерт-томошани ўтказишга рухсатнома бериш ёки бермасликни ҳал қилади.

Комиссия рухсат беришни рад этагн тақдирда, ташкилотчилар рухсат сўраб қайтадан мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Лойиҳа билан, концерт-томошалар ташкилотчилардан рухсатнома олишга берилган аризаларни кўриб чиқиш учун қуйидаги тартибда йиғим ундириш таклиф этилмоқда:

  • Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари;
  • вилоят марказларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари;
  • бошқа аҳоли пунктларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида.

Айни бир талабгор томонидан турли жойларда ўтказиладиган ҳар бир тадбир учун алоҳида рухсатнома берилади ва ҳар бири учун алоҳида йиғим ундирилади.

Тақдим этилган лойиҳага нисбатан сценарийга 10 фоиздан кўп бўлган ўзгартиришлар киритиш зарур бўлган тақдирда ҳамда мурожаат қайтарилган тақдирда, ариза берувчи умумий асосларда оммавий тадбирларни ўтказиш учун такроран янгидан мурожаат қилиши лозим, дейилади қарор лойиҳасида.

Лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси regulation.gov.uz порталида 5 октябр куни якунланади.

Мавзуга оид