Жаҳон | 19:20 / 04.10.2024
6059
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Украинани қайта тиклашга ёрдам таклиф қилди

Беларус раҳбарининг фикрича, Украина ҳукуматини АҚШ бошқармоқда, президент Володимир Зеленский эса муаммони ҳал этиш учун Вашингтонга учяпти.

Фото: president.gov.by

Минск Киевга Украинани қайта тиклашда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Беларус президенти Александр Лукашенко маълум қилди.

«Украина раҳбарияти яхшилаб ўйлаб кўриши лозим — улар биринчи навбатда мамлакатни қайта тиклаши керак бўлади. Ўзларига яқин бўлган инсонлар, аввало беларуслар билан», — дея давлат раҳбаридан иқтибос келтиради БелТА.

Унинг фикрича, Украина ҳукуматини АҚШ бошқармоқда, президент Володимир Зеленский эса муаммони ҳал этиш учун Вашингтонга учяпти.

«У охир-оқибат ушбу урушни якунлаш учун Минск ва Москвага бормаяпти. У урушдан кейин америкаликлар Украинани тиклаб беради деб ўйламоқда… Уларни ҳеч ким қайта тикламайди», — дейди Лукашенко.

Апрел бошида Зеленский Украинани урушдан кейин қайта тиклашга 700 миллиард долларга яқин маблағ керак бўлишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда тикланиши керак бўлган асосий йўналишлар — энергетика, технология ва иқтисодиётдир.

«Биз сизлар билан аниқ суммани билмаймиз, чунки урушни ҳали якунламадик. У тугаганидан кейин барчаси таҳлил қилиб чиқилади», — дейди давлат раҳбари.

Жаҳон банки, Еврокомиссия, БМТ ва Украина ҳукуматининг 2023 йил якунларидаги баҳолашларига кўра, Украинани қайта тиклашга 10 йил давомида 486 миллиард доллар керак бўлади.

Мавзуга оид