Жаҳон | 09:20 / 07.10.2024
6551
2 дақиқада ўқилади

Эрон ҳаво ҳудудини яна 9 соатга ёпди

Эрондаги барча рейслар 6 октябр куни кечқурундан эртаси кунигача бекор қилинди. Сабаби «оператив чекловлар» экани айтилмоқда. Эрон худди шундай тақиқни тўрт кун аввал Исроилга ҳужумдан сўнг жорий қилган эди.

Фото: Thomas Koehler/photothek/picture alliance

Эрон ҳукумати ҳаво қатновини яна тўхтатди. Бутун мамлакат бўйлаб парвозлар 6 октябр, якшанба куни соат 21.00 дан (Тошкент вақти билан 22.30) бекор қилинди. Тақиқ 7 октябр куни эрталаб соат 6.00 (Тошкент вақти билан 7.30)гача амал қилади, деб хабар бермоқда Эроннинг Mehr ва Isna агентликлари фуқаро авиацияси идораси вакилига таяниб.

Бу чорага сабаб сифатида «оператив чекловлар» келтирилмоқда. Қўшимча тушунтириш берилмаган.

Теҳрон 2 октябр куни Исроилга ҳужумидан кейин ҳам худди шундай чоралар кўрган эди. Эрон устидаги ҳаво ҳудуди 48 соатга ёпилди. Бундан ташқари, тақиқ олиб ташланганидан кейин ҳам Теҳронга ва ундан халқаро рейслар амалга оширилмади.

АҚШ ва Исроил ЦАҲАЛнинг Эрондаги эҳтимолий нишонларини муҳокама қилмоқда

АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх 3 октябр куни бўлиб ўтган брифингда Қўшма Штатлар ҳукумати Исроил билан Эроннинг йирик ракета ҳужумига эҳтимолий жавоб чораларини мувофиқлаштираётганини маълум қилди. «Аммо мен эҳтимолий нишонлар қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тафсилотларни муҳокама қилишни ўринсиз ва унчалик фойдали эмас деб ҳисоблайман», деди Пентагон вакили Исроил Эрон нефт объектларини нишон сифатида кўрадими, деган саволга жавоб берар экан.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ўз маъмурияти Исроилнинг Эрон нефт саноатига эҳтимолий ҳужумини «муҳокама қилаётганини» айтди. Сиёсатчининг изоҳи нефтнинг жаҳон нархларида сакрашга сабаб бўлди. Лондоннинг ICE биржасида Brent маркали нефт нархи сентябр бошидан бери биринчи марта 5,04 фоизга ошди ва бир баррел учун 77,63 долларгача кўтарилди.

Бир кун аввал Америка етакчиси Вашингтон Исроилнинг Эрондаги ядровий иншоотларга зарба беришига қарши эканини таъкидлади.

Мавзуга оид