Жаҳон | 12:20 / 08.10.2024
2180
3 дақиқада ўқилади

РФда 72 ёшли америкалик ёлланма фаолият учун салкам 7 йилга қамалди

72 ёшли америкалик пенсионер Стефан Хаббард судда Украина томонида жанговар ҳаракатларда қатнашганликда айбини тан олди. У ёлланма фаолият моддаси бўйича қарийб етти йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фото: DW/E. Samedowa

Москва шаҳар суди 7 октябр, душанба куни АҚШ фуқароси Стефан Хаббардни олти йил-у ўн ойга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Мичиганлик 72 ёшли фуқаро Украина Қуролли кучлари сафида ёлланма аскар сифатида жанговар ҳаракатларда қатнашганликда айбдор деб топилди. Суд фақат ҳукмнинг кириш ва қарор қисмларини эълон қилди.

Хаббарднинг жазоси ҳукм қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Унгача Стефан Хаббард тергов ҳибсхонасида қолади. Америкаликка чиқарилган ҳукм ичига тергов изоляторида бир сутка ҳибсда бўлган вақти колонияда бир ярим сутка сифатида киритилади.

Стефан Хаббарднинг адвокати аллақачон Москва шаҳар суди ҳукми устидан шикоят қилишини маълум қилган. АҚШнинг Москвадаги элчихонаси вакиллари «Интерфакс»га маҳкум олдига консуллик даражасида кириш ҳақидаги сўровга жавоб кутаётганликларини маълум қилишди.

Стефан Хаббарднинг суд жараёни

26 сентябр куни Москва шаҳар судида Стефан Хаббард устидан суд жараёни бошланди ва икки мажлис давом этди. Суд мажлислари қисман ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. 30 сентябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида Хаббард қуролли можарода ёлланма аскар сифатида қатнашганликда айбини тан олди. «Ҳа, мен қўйилган айбларга қўшиламан», — дея унинг сўзларини келтиради Россия ахборот агентликлари.

Давлат айблови Хаббардни қаттиқ режимли колонияга етти йилга озодликдан маҳрум қилишни талаб этди. Прокурор жазо тайинлашда судланувчининг ёши ва айбига иқрорлигини ҳисобга олишни сўради.

Айни пайтда Хаббарднинг синглиси Патриция Фокс аввалроқ Reuters агентлигига унинг акаси турли мамлакатларда, жумладан Япония, Кипр ва Украинада инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаганини айтди. У Хаббард судда айбини тан олганига шубҳа билан қаради. Фокс акасини ҳеч қачон қуролга эгалик қилмаган ва россияпараст қарашларга эга «пацифист» деб таърифлаган.

Тергов материаллари

Тергов маълумотларига кўра, Стефан Хаббард 2014 йилдан бери Украинада яшаб келган. Ўша йилнинг феврал ойида у Харкив области Изюм шаҳрининг ҳудудий мудофаа баталиони билан шартнома тузди, унга кўра ойига камида 1000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти олиши керак эди.

Иш материалларидан маълум бўлишича, Хаббард машғулотдан ўтган, шахсий ўқотар қуроллар олган, сўнгра 2022 йилнинг апрелигача Россия ҳарбийлари томонидан қўлга олингунигача ёлланма аскар сифатида Украина томонида жанговар ҳаракатларда қатнашган.

Жорий йилнинг март ойида Россия Мудофаа вазирлиги уруш бошлангандан бери Украинага 13,3 минг ёлланма аскар келганини, энг кўпи – 2960 нафари Полшадан эканини маълум қилган эди. АҚШдан 1113 нафар ёлланма аскар келган, улардан 491 нафари ҳалок бўлган, дея маълум қилди вазирлик.

Мавзуга оид