Жаҳон | 11:30 / 09.10.2024
2088
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ливанда «Ҳизбуллоҳ» логистикаси бошлиғини ўлдирди

Суҳайл Ҳусайн Ҳусайний «Ҳизбуллоҳ»га Эрондан қурол етказиб бериш учун масъул эди. Аввалроқ Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг узоқ йиллик раҳбари Ҳасан Насруллоҳни ва бу ҳаракатнинг бошқа етакчиларини йўқ қилган эди.

Фото: Bilal Jawich / Zuma / Scanpix

Ливан пойтахти Байрутга уюштирилган ҳаво ҳужуми натижасида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатида Эрондан қурол-яроғ етказиб бериш учун масъул бўлган Суҳайл Ҳусайн Ҳусайний ҳалок бўлди, деб хабар берди Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ). «Ҳусайний Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида қурол-яроғ ўтказилишида ҳал қилувчи рол ўйнаган ва «Ҳизбуллоҳ» бўлинмалари ўртасида замонавий қурол-яроғларнинг тақсимланишига масъул бўлган, қурол-яроғ ташилиши ва тарқатилишини назорат қилган», — дейилади ЦАҲАЛ 8 октябр, сешанба куни берган баёнотида. 

Исроил армиясига кўра, Ҳусайний «Ҳизбуллоҳ»нинг энг муҳим лойиҳаларида бюджет ва логистика учун масъул бўлган, жумладан, Ливан ва Суриядан Исроил давлатига қарши ҳужумларни мувофиқлаштиришда».

«Ҳизбуллоҳ» раҳбариятининг йўқ қилиниши

Сентябр ойи ўрталарида Ливанда «Ҳизбуллоҳ» тезкор алоқа учун фойдаланадиган пейжер ва рацияларда қатор портлашлар содир бўлди. 27 сентябр куни кечқурун Исроил армияси Байрутнинг жанубий чеккасида жойлашган «Ҳизбуллоҳ» штаб-квартирасига ҳаво ҳужуми уюштирди, натижада ҳаракат раҳбари, «Ҳизбуллоҳ»га 30 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлди.

Насруллоҳ билан бирга унинг қизи Зайнаб, ҳаракатнинг бир қатор юқори мартабали аъзолари, шунингдек, Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) генерал-майори Аббос Нилфорушан ўлдирилган.

Мавзуга оид