Спорт | 12:30 / 09.10.2024
5078
2 дақиқада ўқилади

World Boxing президенти Ўзбекистонга келди

World Boxing халқаро спорт федерацияси президенти Борис ван дер Ворст Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. 

Фото: МОҚ

7 октябр куни World Boxing халқаро ташкилоти президенти Борис ван дер Ворст Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди

Учрашувда уни спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов, қўмита раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Пўлатов ҳамда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Тошматов қарши олишди. 

Йиғилишда Борис ван дер Ворст ташкилот фаолияти, унинг мақсадлари ҳақида маълумот берди. Унга кўра, бугунги кунга келиб, 49 давлат ушбу халқаро федерацияга аъзо бўлиб, бокс ривожи бўйича келгусида қатор истиқболли лойиҳалар режалаштирилган. 

Суҳбат давомида бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида 7 та вазндан 5 тасида олтин медални қўлга киритгани, бугунги кунда Ўзбекистон бокс оламида жаҳонда етакчилардан бири экани ҳам тилга олинди. Қолаверса, расмийлар бокснинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинлари дастурида сақланиб қолиши тарафдори эканини билдиришди.

Учрашувдан сўнг ташкилот президенти ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Ўзбекистонга ташрифи ҳақида фикр билдириб, мамлакатдан қўллов олганидан хурсандлигини ёзди.

«Ташкилоти бокс оламида устунликка эга Ўзбекистон томонидан кучли қўллов олганимиздан хурсандман», деб қўшимча қилди Борис ван дер Ворст.

Мавзуга оид