Ўзбекистон | 10:06 / 10.10.2024
5989
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Шерзоджон Полвонов Фарғона вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди. У бунга қадар Маҳаллалар уюшмасида бошқарма бошлиғи вазифасида ишлаган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Шерзоджон Фазлитдинович Полвонов Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати.

Шерзоджон Полвонов 1987 йилда Риштон туманида туғилган. Фарғона политехника институти ҳамда Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси (магистратура)ни тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2009 йилда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги коммунал хизмат кўрсатиш департаменти бош мутахассиси сифатида бошлаган.

У ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлди. Полвонов бунга қадар Маҳаллалар уюшмасининг Маҳаллалар ободлигини таъминлаш ва маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.

Фаолияти давомида вилоят ҳокимлиги етакчи мутахассиси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Фарғона шаҳри ҳамда вилояти кенгашлари раиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши бўлим мудири, Фарғона шаҳри ҳокимининг ўринбосари, Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консулхонаси ходими, 2020–2024 йилларда Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Новосибирск шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари бўлган.

Бунгача, 2024 йил мартидан буён Шерзод Раҳимов Фарғона вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаётганди, у ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилган.

Мавзуга оид