Фан-техника | 23:17 / 11.10.2024
3742
2 дақиқада ўқилади

Илон Маскнинг такси-роботлари сармоядорларда таассурот қолдирмади

Улар Tesla эгасидан янги моделларни кутмоқда.

Фото: Tesla

Илон Маск Tesla сармоядорларига Cybercab ва Robovan такси-роботларини намойиш қилди. Бироқ, улар сармоядорларни ҳайратда қолдирмади, деб хабар берди BBC.

Cybercab тегишли идоралардан рухсат олинган тақдирда 2027 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилади ва қиймати 30 минг доллардан паст бўлади. Маскнинг ваъда қилишича, иккала машина ҳам «одам томонидан бошқариладиган машиналардан ўн баробар хавфсизроқ» ва уларни илова ёрдамида бошқариш мумкин.

Бироқ, Financial Times ёзганидек, кўрсатилган моделлар сармоядорларни ҳайратда қолдирмади. Бунинг сабаби шундаки, Маск автомобиллар концептини кўрсатди, уларнинг чиқарилиши узоқ муддат масаласидир. Шу билан бирга, у компанияни ривожлантириш бўйича қисқа стратегия тўғрисида изоҳ бермади, гарчи жорий маҳсулот линияси сезиларли даражада эскирган бўлса-да. Маск такси-роботни америкаликларга 2014 йилда ваъда берган ва 3 йилдан кейин ишлаб чиқарилишини айтган эди.

2024 йил апрел ойида Tesla барча CyberTruck электромобилларини газ педали ёпишиб қолиши сабабли қайтариб олди. Таъкидланишича, бу Илон Маск электромобилининг ягона муаммоси эмас: унинг кузови зангламайдиган пўлатдан ясалган, аммо барибир зангламоқда, рул чамбараги ҳам баъзан ишламаяпти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид