“Яна нечта бола йўлларда ўлиши керак?” – кўпайган авариялар ҳақида катта суҳбат
Сўнгги пайтларда авариялар, тезлик билан боғлиқ видеолар, ҳайдовчиларнинг йўл-ҳаракати қоидаларига беписанд эканини исботловчи ҳолатлар кўпайди. ЙТҲлар ўлим билан якунланмоқда, мактаб ўқувчилари машиналар остида жон беряпти. Пиёдалар ҳам йўлларда юриш маданиятидан йироқ. Kun.uz мавзу юзасидан суҳбат ўтказди. Суҳбатдошларга кўра, бу узоқ йиллик муаммо. Ҳайдовчиларнинг давлат тасдиқлаган қоидаларга муносабати “ҳуқуқий нигилизм” даражасига чиқди. Биргина Отажоновнинг видеоси – ҳуқуқ-тартибот органларига “қўлингдан нима келади?” дегандек бўлди.
Ўтган 15-20 кун ичида ёш болалар, мактаб ўқувчилари билан содир бўлган мудҳиш авариялар сони 10 га яқин, балки бундан ҳам кўпдир. Мутахассислар фикрича, мавзу ва муаммолар жуда эски. Лекин натижадан, йўллардаги ЙТҲларни камайтиришга қаратилган чоралардан дарак йўқ. Масалани йиллаб муҳокама қилиш мумкин, сабабларини ўрганиб, тизимли чора кўриш муҳимроқ. Биргина Бухоронинг Қоракўлида юз берган фожиада пиёдалар ҳам айбдор. Одамнинг ўзини ҳимоя қилиши – психологик инстинкт бўлади. Организм автомат ўзини ҳимоя қилишга уринади, ёш қизлар сайилгоҳда эмас, катта йўлда. Ҳайдовчи ҳам светофор ва пиёдалар ўтиш жойи эканини инобатга олиб, тезликни назоратга олиши керак эди, дейди эксперт Носиржон Зокиров.
Адвокат, автоблогер Камолиддин Баҳовуддинов фикрича, авария ва ўлимлар одамларнинг кўзини очгани йўқ. Аксинча, қоидабузарлар қилмишидан заррача пушаймон эмас. Ҳайдовчилар ўз қилмиши нима билан якунланишини, максимал оқибатни билади ва қўрқмайди. Уларнинг юзида ачиниш ҳисси йўқ.
“Улар қоидабузарликларнинг мунтазам ва такрорийлиги бизда инобатга олинмаслигини ҳам билади. Пул билан ҳаммаси ҳал бўлишига ишонади, катта эҳтимол, видео чиқараётганлар 1 ойдан сўнг яна шундай тасвирлар эълон қилади. Қўлингдан нима келади, дегани бу. Таъсир чоралар жуда юмшоқ ва бўш. Жазолар жуда ҳалим, фақат моддий жарима эмас, қамоқ, ҳайдовчиликдан маҳрум қилиш, озодликдан чеклаш жазоларини ҳам қўллаш керак”, - дейди Баҳовуддинов.
2024 йилнинг 5 ойи давомида 64 нафар мактаб ўқувчиси ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган, бу ойига камида 13 нафар болалар қурбон бўляпти дегани. Жамиятимиз эса кимнингдир фожиасини кузатиш билан банд. Қонунларни очиқ-ойдин инкор этиб, беписанд қараш – ҳуқуқий нигилизм чўққисига чиқиб бўлди. Жазо чораларини кучайтириш ва шу жазолар ҳамма учун, ҳокимият вакилидан тортиб деҳқонгача бир хил ишлаши лозим.
ЙТҲ иштирокчиси фақат ҳайдовчи эмас, пиёдалар ҳам. Мумкин бўлмаган жойдан кесиб ўтиш ҳолатлари билан боғлиқ статистика юритилганда, пиёдаларнинг қоидабузарликлари даражаси ҳам намоён бўлади. Йўл-патрул хизмати ходимлари учун бундай пиёдаларни рўйхатга олиб, тушунтириш ишларини олиб бориш – ортиқча иш. Балки шунинг учун бундай статистика юритилмайди.
Психолог Зебинисо Аҳмедовага кўра, пиёдалар огоҳлигини ошириши керак. Жон аввало инсонларнинг ўзига керак. Йўлдан ўтаётганда ўнг ва чапга қараш, светофор чироғига эътибор бериш – бирламчи талаблар. Ота-оналар, мактаб ўқитувчилари, катталар болалар онгига шуни қуйиши керак.
“Совет иттифоқи парчалангач, постсовет маконида Ўзбекистон аҳолиси энг кўпайган давлат бўлди. Лекин йўлларимиз, уларнинг кенглиги, йўл инфратузилмаси демографик ривожланишга номутаносиб бўлди. Яқиндагина Америкада суд жараёнини кўрдим, биринча марта 140 км/с юрган ҳайдовчини 6 йилга кесишди, бундан ташқари жаримага ҳам тортилди. Бизда эса мана, хонанда Отажонов нимаси билан ёшларга ўрнак бўляпти. Бу халқнинг таназзули”, - дейди психотерапевт.
Йўл-ҳаракати қоидалари бўйича мустахассис фикрича, ҳозир вазиятни ўнглаш учун ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Чунки тизгин қўлдан чиққан. Бироқ жамоатчилик фаоллари муҳокама ва талабни камайтирмаслиги керак. Ҳайдовчининг вақт ва транспортни бошқариш режимини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларига эҳтиёж бор. Мутахассислар муаммоларни кўрсатиб бергандамасъуллар, айниқса йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга бош-қош идоралар уларни эшитмас экан, бирор натижа бўлиши ноаниқ.
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида “Cobalt” русумли автомобил 11 ёшли қизалоқни уриб кетган. Йўлнинг ўша қисмида ўқувчиларнинг йўлдан ўтишига масъул одамнинг реакцияси одамни ўйлантиради. Ёки Қоракўлдаги ЙТҲда машина уриб юборган 2 қизнинг ҳолатига бепарво учинчи қизнинг ҳаракатлари одамнинг эътиборини тортади. Бу бир тарафдан шок ҳолати, иккинчидан эса бундай воқеалар шу қадар кўпайдики, аҳолининг кўзи ўрганиб кетганидан далолат беради.
Автомактаблар ва ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими – доим оғриқли муаммо бўлиб келган. Бир неча йиллик мутахассис Абдужалил Рашидовга кўра, биздаги автомактаблар ҳайдовчиларни тайёрлашга мослашмаган. Қўйилаётган талабларнинг ўзи ҳайдовчиликка ўргатишга тўсиқ бўлмоқда.
Сергели туманида юз берган ЙТҲда мактаб ўқувчиси автобусдан белгиланмаган жойда тушиб қолган ва у автобуснинг олд томонидан йўлни кесиб ўтган. Бундай шароитда автобус ҳайдовчиси нега болани бекатда ёки автобус тўхташи мумкин бўлмаган жойда туширгани, ўқувчи автобуснинг олд тарафидан югургани муҳокама қилинмаяпти.
“Нега мен ҳайдовчиманда, атрофдан хавф кутишим керак? Тўғри йўлдан кетяпман, атрофда машиналар, светофор йўқ, белгиланган тезлик. Нега атрофимдан кимдир югуриб чиқишини инобатга олишим керак? Тергов ҳаракатларида бу ҳам, албатта, инобатга олиниши керак”, - дейди адвокат Баҳовуддинов.
Суҳбатдан хулоса шуки, йўлларда йўқотилаётган жонлар фақат ўша ҳайдовчи ва пиёданинг муаммоси эмас, бу жамият муаммоси. Ҳар бир ўлим ҳолатларига ИИВ ва транспорт вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар ва идоралар, йўл-ҳаракати хавфсизлигига бош-қош органлар жавобгарликни бўйнига олиши лозим.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:04 / 21.11.2024
Отасининг ёнига кўмилган қизалоқлар: опа-сингил маст “пойгачи”нинг қурбони бўлди
11:28 / 21.11.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди
16:02 / 20.11.2024
Варшава кўчаларидаги ўлимлар 2 баробарга камайтирилди: қандай қилиб?
09:31 / 20.11.2024