NYT: сентябр Россия Қуролли Кучлари учун энг ҳалокатли ой бўлди
АҚШ ва Британия таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, Россия қўшинлари ўтган ой кунига 1,2 минг ҳарбий хизматчисидан айрилган.
Сентябр Украинадаги рус қўшинлари учун энг ҳалокатли ой бўлди. Бу ҳақда АҚШ армиясининг юқори мартабали вакилига таяниб, The New York Times (NYT) газетаси хабар берди. Шу билан бирга, нашр суҳбатдоши россиялик ҳарбийларнинг йўқотишларига оид аниқ маълумотларни очиқламаган.
Қайд этилишича, АҚШ ва Британия таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, Россия қўшинлари кунига 1,2 минг ҳарбий хизматчисидан айрилган — бу май ойида ўрнатилган максимал кўрсаткич атрофида. Украинада уруш бошланганидан бери Россия 600 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчисини йўқотган. Уларнинг 115 минг нафари ўлдирилган ва 500 минг нафари яраланган.
АҚШ, шунингдек, Украина томони ҳам катта йўқотишларга дуч келганини прогноз қилмоқда. NYT суҳбатдошларидан бири Украина Қуролли кучлари таркибида бўлган 57,5 минг ҳарбий хизматчи ўлдирилгани ва 250 мингдан ортиғи яраланганини айтган.
Шунга қарамай, Россия 25-30 минг нафар янги аскарларни жалб этмоқда — тахминан яна худди шунчаси жанг майдонини тарк этмоқда. Расмийларнинг сўзларига кўра, бу Россия армиясига қўшинларни Украина мудофаа позицияларига қайта ва яна қайта юбориш имконини беради.
BBC рус хизмати «Медиазона» ва волонтёрлар жамоаси билан бирга 11 октябр куни уруш бошланганидан бери қарийб 73 минг россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини ҳисоблаб чиқди.
Аввалроқ Россия армиясидан Қозоғистонга қочган 6 нафар дезертир Европа визасини олгани тўғрисида хабар берилганди. Россиялик дезертирларга Европага кетиш имкониятини қўлга киритишларида қозоғистонлик фаоллар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ёрдам кўрсатмоқда.