Жаҳон | 14:30 / 14.10.2024
1552
3 дақиқада ўқилади

Гуржистон ТВ-каналлари ҳукмрон партия ролигини кўрсатишдан бош тортди

Гуржистоннинг учта телеканали ҳукмрон россияпараст «Гуржистон орзуси» партиясининг сайловолди видеосини намойиш этишдан бош тортгани учун жаримага тортилди. Унда Украинанинг вайрон қилинган шаҳарлари «тинчликни танлаш» чақириқлари фонида кўрсатилган.

Фото: Alexandr Burakow/DW

Гуржистоннинг учта телеканали – «Формула», «Мтавари архи» ва «ТВ Пирвели» ҳукмрон россияпараст «Гуржистон орзуси» партиясининг сайловолди видеосини трансляция қилишдан бош тортгани учун ҳар бири 5 минг лари (тахминан 1,7 минг евро) миқдорида жаримага тортилди. Бундай қарор 11 сентябр, жума куни Тбилиси шаҳар суди томонидан қабул қилинди. Аввалроқ Гуржистон миллий алоқа комиссияси телеканалларни «сайлов кодексини бузган» деб тан олган эди.

«Гуржистон орзуси» видеосида Гуржистондаги янги ва таъмирланган бинолар ёнида Украинадаги вайрон бўлган шаҳарларнинг оқ-қора тасвирлари кўрсатилган. «Урушга йўқ! Тинчликни танланг», деб ёзилган расмларда.

«Формула», «Мтавари архи» ва «ТВ Пирвели» видеороликни эълон қилишдан бош тортганини уни ахлоқий эмаслиги, шунингдек, унда уруш ташвиқоти, миллий адоват ва сайловчиларга даъватлар борлиги билан асослади. Учта телеканал «Россиянинг «Гуржистон орзуси» тарғиботига ва Украина халқини масхара қилишга» билвосита ҳисса қўшиш ниятида эмаслигини таъкидлади. Суд қарори, бошқа нарсалар қатори, каналларни видеони зудлик билан эфирга чиқаришга мажбур қилади — аммо улар барибир буни қилмасликларини аллақачон билдирган.

Сентябр ойи охирида Тбилиси кўчаларида худди шундай мазмундаги ҳукмрон партиянинг баннерлари пайдо бўлди. Европа Иттифоқининг Гуржистондаги элчиси бундай сайловолди ташвиқотини «ғазабнок», «уятли» ва «жирканч» деб атади. Украина Ташқи ишлар вазирлиги «Украина фожиасига оид бемаъни миш-мишлар Гуржистоннинг ҳукмрон партияси ҳақидаги ҳақиқатни фош қилди», деди.

Путин Гуржистон фуқаролари учун визасиз режимни кенгайтирди

Россия президенти Владимир Путин Гуржистон фуқаролари учун визасиз режимни кенгайтириш ҳақидаги фармонни имзолади. Мазкур фармон 10 октябр куни ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида эълон қилинди ва дарҳол кучга кирди.

Ҳужжатга кўра, эндиликда РФга кириш учун визасиз режим Россия Федерациясига меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида ёки вақтинча бўлиш учун 90 кундан ортиқ муддатга келган Гуржистон фуқароларига нисбатан қўлланади. Илгари ушбу тоифадаги Гуржистон фуқаролари визасиз Россияга кириш ёки Россия Федерациясидан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга эмас эди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Гуржистон фуқаролари учун визасиз режим кенгайтирилишини икки давлат муносабатлари динамикаси билан боғламасликка чақирди.

Мавзуга оид