Жаҳон | 11:20 / 15.10.2024
1740
3 дақиқада ўқилади

Боррел Украина учун 6,5 млрд евро ажратилишига умид қилмоқда

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Венгрия ветосини четлаб ўтиш учун Украинанинг ҳарбий эҳтиёжларига пул ажратишнинг янги усулини куз охиригача ҳал этишга ҳаракат қилади.

Фото: РИА Новости

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ноябр ойигача иттифоққа аъзо давлатлар унинг Киевга Европа тинчлик жамғармасидан ҳарбий мақсадлар учун олти миллиард евродан кўпроқ маблағ ажратиш ҳақидаги таклифини маъқуллаб, Венгриянинг ветосини бекор этишига умид қилмоқда.

«Биз Европа тинчлик жамғармаси ва Украинага ёрдам жамғармаси маблағларини блокдан чиқаришга имкон берадиган консенсусни топишимиз керак, мен ҳозир 100 фоиз кафолат бера олмайман, аммо ўйлайманки, барча мамлакатлар бу келишувга эришадилар», деди Боррелл 14 октябр, душанба куни Люксембургда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши якунлари бўйича.

WP: ЕИ қурол етказиб бериш ўрнига Украина ҲСКга сармоя киритмоқда

Европа Иттифоқининг Украинага мудофаа саноати учун 440 миллион доллар ёрдам бериш ҳақидаги яқинда қабул қилган қарори «блокнинг Россиянинг Украинага қарши урушига ёндашувида сезиларли ўзгаришларни кўрсатади» ва «Европа Иттифоқининг мудофаа сектори қурол ва ўқ-дориларни ишлаб чиқаришдаги камчиликларини таъкидлайди», деб ёзади The Washington Post (WP) 13 октябр куни.

Журналистлар билан суҳбатда исмини ошкор этмаган европалик дипломат Европа «Украинага керак бўлган қуролларни ишлаб чиқаришга қодир эмас» ва дефицитни тўлдиришнинг энг осон йўли «ўзи қилиш» эканини айтди. Бундай инвестицияларнинг кенгроқ маъноси, шунингдек, «Украинанинг ғарбий мудофаа саноати таъминот занжирларига босқичма-босқич интеграциялашувидир», деди Германия Маршалл жамғармасининг Брюсселдаги ваколатхонаси раҳбари Ян Лессер WP билан суҳбатда. Шу билан бирга, у Киевнинг мудофаа саноатига йўналтирилган сармоялар «Ғарбда ишлаб чиқарилган йирик қурол-яроғларнинг ўрнини босмаслигини» тан олди.

Қайд этилишича, Украина ҳарбий-саноат комплексини ривожлантириш учун пул Россиянинг Ғарбдаги музлатилган активларидан келиб тушадиган фойдадан олинади. Маблағнинг яна бир қисмини Дания ҳукумати ажратади.

Мавзуга оид