Жаҳон | 21:32 / 15.10.2024
2602
2 дақиқада ўқилади

Iran Air санкциялар туфайли Европага парвозларини тўхтатди

ЕИ чекловлари жорий этилганидан бир неча соат ўтиб йўловчилар Теҳрондаги аэропорт номидан Европага учадиган рейслар бекор қилингани тўғрисида СМСларни олган.

Фото: Getty Images

Iran Air авиакомпанияси ЕИ санкцияларига учраганидан кейин Европага парвозларини тўхтатди. Бу ҳақда Эрон авиакомпаниялари ассоциацияси раиси Мақсуд Ассади Сомонига маълум қилди.

Euronewsʼга кўра, чекловлар жорий этилганидан бир неча соат ўтиб йўловчилар Теҳрондаги аэропорт номидан Европага учадиган рейслар бекор қилингани тўғрисида СМСларни олган. Аэропорт вакиллари билан боғланган йўловчиларга бу санкциялар билан боғлиқ экани айтилган.

Европа Иттифоқи 14 октябр куни Iran Air ва яна икки авиаташувчи Mahan Air ҳамда Saha Airlines’га қарши чекловларни жорий этди. Бундан ташқари, яна тўртта юридик ва еттита жисмоний шахс санкцияга тушган. Чекловларнинг жорий этилишига Брюссел уларни Россия ҳарбий-саноат мажмуалари учун мўлжалланган маҳсулотларни етказишда гумонлагани сабаб бўлган. Санкциялар, шунингдек, Буюк Британия томонидан ҳам қўлланган.

Эрон ТИВ раҳбари Аббос Арагчи сентябр ойида Россияга баллистик ракеталар етказиб берилаётгани ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атаганди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Москва Теҳрондан ракеталарни олмаганини билдирган.

Сомонининг сўзларига кўра, Эрон авиакомпаниялари орасида фақат Iran Air Европага рейсларни амалга ошира олади, чунки унинг паркидаги самолётларгина парвоз талабларига жавоб беради — Эронга қарши санкциялар туфайли мамлакатдаги ҳаво кемалари ёнилғи борасида муаммоларга дуч келмоқда.

Мавзуга оид