Жаҳон | 16:00 / 16.10.2024
3498
3 дақиқада ўқилади

Чита суди аёлни пичоқлаган вагнерчини урушга қўйиб юборди

Қотиллик учун 22 йилга қамалган шахс "Вагнер" ХҲКга қўшилганидан кейин озод қилинди. Урушдан қайтгач, у аёл кишига ҳужум қилиб, унга оғир жароҳатлар етказди. У ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома имзолаш орқали жазодан қутулиб қолди.

Фото: Руслан Яроцкий / URA.RU

Чита суди 2024 йил апрел ойида Украинадаги урушдан қайтиб, маҳаллий аҳоли вакилини ўлдиришга уринган "Вагнер" ХҲК собиқ ёлланма аскарига нисбатан жиноий ишни тўхтатди. Суд матбуот хизматининг 15 октябр, сешанба куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, қотилликка суиқасд ва талончилик айбловлари бўйича иш юритуви, жабрланувчининг эътирозларига қарамай, айбланувчи "сафарбарлик давомида ҳарбий хизмат учун шартнома тузгани" муносабати билан тўхтатилди.

Ҳарбий хизматга танлаб олиш пункти раҳбари октябр ойи бошида Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган Украинадаги урушга судланувчиларни юборишга рухсат берувчи янги қонунларга асосланиб, ишни тўхтатиб қўйишни сўраган.

Айбланувчи суд залида ҳибсдан озод қилинди ва Мудофаа вазирлиги вакилига топширилди, деб хабар берди Читанинг Черновский район суди.

Матбуот хабарида, шунингдек, 2014 йилда айбланувчи Байкалорти ўлка суди томонидан икки кишини ўлдириш, зўрлаш ва қотилликка уринишда айбдор деб топилиб, 22 йилга озодликдан маҳрум этилгани ва кейинчалик "Вагнер" ХҲК таркибида Украинада жанг қилганлиги қайд этилган. Апрел ойида урушдан қайтган собиқ вагнерчи томонидан кўкрак, қорин, қўл ва оёқ қисмидан пичоқланган аёл тирик қолган, бироқ унинг соғлиғига жиддий зарар етган, деб хабар берди суд.

Октябр ойи бошида Путин икки қонунни имзолади, унга кўра, агар судланувчилар ҳарбий хизматга чақирилса ёки Мудофаа вазирлиги билан "сафарбарлик ёхуд уруш даврида" шартнома тузган бўлса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Путин урушда қатнашаётган судланувчиларни жазодан озод қилди

Россия президенти Владимир Путин 2 октябр куни сафарбарлик пайтида ёки уруш вақтида иши биринчи инстанция ёки апелляция судида кўриб чиқилаётган айбланувчилар билан шартнома тузишга рухсат берувчи иккита қонунни имзолади. Ҳар иккала қонун ҳам ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида эълон қилинган.

Аввалроқ, 24 сентябр куни Россия Федерацияси Давлат думаси йиғилишида иккала қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ва учинчи ўқишда маъқулланган эди. Қонун лойиҳаларидан биринчиси, агар судланувчилар сафарбарлик даврида ёки уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилган бўлса, жиноий иш юритишни тўхтатиб туриш, кейин эса жиноий жавобгарликдан озод қилиш имконини беради. Қонун шунингдек, сафарбарлик даврида, ҳарбий ҳолат ёки уруш даврида РФ Қуролли кучларида хизмат қилиш пайтида жиноят содир этган шахсларга нисбатан суд ишларини тўхтатиб туриш имкониятини назарда тутади.

Худди шундай ҳуқуқий механизм ҳукм чиқарилган, лекин қонуний кучга кирмаган маҳкумларга, шу жумладан апелляция босқичида ҳам қўлланади.

Мавзуга оид