Жаҳон | 12:40 / 16.10.2024
1658
2 дақиқада ўқилади

Элчи: Лондон Гуржистон билан мудофаа соҳасидаги музокараларни бекор қилди

Британиянинг Тбилисидаги элчиси Гаррет Уорд парламент сайловларидан сўнг Гуржистон ҳукумати ғарбпараст йўналишга қайтишига ва томонлар ўртасида ишонч қайта тикланишига умид билдирди.

Гаррет Уорд Фото: InterpressNews

Буюк Британия сўнгги 10 йил ичида биринчи марта ҳар йили қироллик томонидан Гуржистон билан вазирлар даражасида ўтказиладиган стратегик Уордроп диалогини музлатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Британия томони юқори даражадаги мудофаа бўйича бўлажак музокараларни бекор қилди ва киберхавфсизлик дастурини тўхтатди. Буюк Британиянинг Гуржистондаги элчиси Гаррет Уорд 15 октябр, сешанба куни InterpressNews интернет нашрига берган интервюсида шу ҳақда гапирди.

Шу билан бирга, элчи 26 октябр куни Гуржистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларидан сўнг мамлакат ҳукумати ғарбпараст йўналишга қайтишига, Лондон ва Тбилиси ўртасидаги ишонч қайта тикланишига умид билдирди.

Путин Гуржистон фуқаролари учун визасиз режимни кенгайтирди

Россия президенти Владимир Путин Гуржистон фуқаролари учун визасиз режимни кенгайтириш ҳақидаги фармонни имзолади. Мазкур фармон 10 октябр куни ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида эълон қилинди ва дарҳол кучга кирди.

Ҳужжатга кўра, эндиликда РФга кириш учун визасиз режим Россия Федерациясига меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида ёки вақтинча бўлиш учун 90 кундан ортиқ муддатга келган Гуржистон фуқароларига нисбатан қўлланади. Илгари ушбу тоифадаги Гуржистон фуқаролари визасиз Россияга кириш ёки Россия Федерациясидан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга эмас эди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Гуржистон фуқаролари учун визасиз режим кенгайтирилишини икки давлат муносабатлари динамикаси билан боғламасликка чақирди.

Мавзуга оид