Фан-техника | 16:20 / 17.10.2024
3661
2 дақиқада ўқилади

Париж автосалонида “пуфак”ка ўхшаш мини электромобил намойиш этилди

У сайёҳлар учун жуда қулай, деб таъкидламоқда ишлаб чиқарувчилар.

Фото: Micro

Швецариянинг Micro компанияси сайёҳларга мўлжалланган Spiaggina номли бутунлай янги моделни тақдим этди. Машина олд томондаги ягона эшиги, электр юритгич ва кичкина ўлчамлари билан ажралиб туради.

Spiaggina енгил электромобиллар тоифасига мансуб бўлиб, 12,5 киловаттли двигател ёрдамида соатига 90 километргача тезликка чиқа олади. Бироқ митти машинада узоққа бориб бўлмайди, чунки 10,5 кВт/соат сиғимли First Edition аккумулятори бор-йўғи 177 километр масофага мўлжалланган. Ўлчамларга келсак, узунлиги 2519 миллиметр, кенглиги 1473 миллиметр ва баландлиги 1501 миллиметрни ташкил қилади.

Икки йўловчига мўлжалланган пуфаксимон электромобилнинг кузови пўлат ва алюминийдан тайёрланган, шунингдек, брезентли очиладиган томга эга. Автомобил салони кўк/оқ ёки кулранг/жигарранг сунъий чарм билан қопланган ва намликка ниҳоятда чидамли қилиб ишланган. Бундан ташқари, ҳар бир модел функцияларини ҳайдовчига мослаштириш имконини берадиган Custom Program опсияси ҳам мавжудлиги айтилмоқда.

Автомобил сотуви қачон бошланиши ва нархлари маълум қилинди. Spiaggina’нинг биринчи серияси 2025 йилда Европа бозорига кириб келади ва унинг бошланғич нархи 24 990 еврони ташкил этади. Шунингдек, талабгорлар ҳозироқ онлайн навбат рўйхатига исмини киритиши мумкин.

Мавзуга оид