Ўзбекистон | 20:37 / 18.10.2024
4341
5 дақиқада ўқилади

18 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

2030 йилгача иқтисодиёт олдига қўйилган улкан вазифалар, вазир ўринбосарининг янги лавозими, газ ва электр ўғирлаган метан заправкалар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистон энг тез ўсаётган уч иқтисодиётдан бири 

Жаҳон банки 2024 йилда Европа ва Марказий Осиё минтақасида иқтисодиёти энг тез ўсаётган мамлакатлар Гуржистон, Тожикистон ва Ўзбекистон эканини қайд этди

2025 йил бўйича прогнозлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг 5,8 фоизга ўсиши орқали минтақада иқтисодий ўсиш бўйича етакчи ўринга чиқиб олиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Масалан, Россияда иқтисодий ўсиш суръатларининг 2024 йилда 3,2 фоизгача ва 2025 йилда 1,6 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Минтақанинг Россиядан кейинги энг йирик иқтисодиёти бўлган Туркияда иқтисодий ўсиш 2023 йилдаги 5,1 фоиздан 2024 йилда 3,2 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.

2030 йилгача ЯИМ 200 млрд долларга етказилади

Президент ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йил якунларига кўра 160 млрд эмас, 200 млрд долларга, жон бошига ЯИМни эса 4000 эмас, 5000 долларга етказиш имкониятлари борлигини таъкидлади, дея маълум қилди иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов.

Бу кўрсаткичларга эришиш учун Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги 6 йилда ўртача 10 фоиздан ўсиши керак.

Норқуловнинг сўзларига кўра, инфляция бўйича прогнозлар ҳам қайта кўриб чиқилган.

«Президентимиз томонидан давлат бюджети тақчиллигини 3 фоизгача тушириш, инфляция даражасини 7 фоиздан оширмаслик вазифаси қўйилди. Инфляция 2026 йилда 5-6 фоиз даражасида сақланиши ва 2027 йилдан бошлаб 5 фоиз ва ундан паст бўлиши кутиляпти», — деди вазир ўринбосари.

Норқулов 2024 йил якунлари бўйича ЯИМ ҳажми 111 млрд долларга етиши кутилаётганини айтди.

2030 йилга бориб Ўзбекистон 200 млрд долларлик ЯИМга эга бўлиш учун ЯИМ йилига тахминан 10,3 фоиздан ўсиши керак. Бу Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки каби халқаро ташкилотларнинг яқин йиллар учун энг оптимистик кутилмаларидан ҳам анча юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди

Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди ва Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат сифатида қолади.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Тошкентда ўтказилган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги очилишида маълум қилди.

«Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон суверен давлат экани қайд этилган. Агар биз ҳар қандай ҳарбийлаштирилган мудофаа тузилмалари ва ташкилотларига қўшилиш ҳақида гапирадиган бўлсак, унда йўқ, биз бунга йўл қўймаймиз. Биз йигитларимизни ҳеч қачон ҳарбий миссияларни, шу жумладан тинчликпарварлик миссияларини бажариш учун хорижга юбормаймиз. Ҳудудимизда хорижий ҳарбий базалар бўлмайди», — деди вице-спикер.

Евросиё иқтисодий иттифоқига интеграцияга келсак, бу ташкилотда Ўзбекистон учун кузатувчи давлат мақоми кўпроқ мос келади, деди Саидов.

Усмон Шарифхўжаев бошқа ишга ўтди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги директори ўринбосари этиб тайинланди.

У 2020 йилдан халқ таълими вазири биринчи ўринбосари, 2023 йилги «админреформа»дан кейин мактабгача ва мактаб таълими вазири биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Усмон Улфатович Шарифхўжаев 1986 йил 9 июл куни Тошкент шаҳрида туғилган. 2007 йилда Тошкент молия институти ва 2011 йилда Халқаро Вестминистр университетини тамомлаган.

Газ ва электр ўғирлаган метан заправкалар аниқланди

Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида 4,8 миллиард сўмлик энергия ресурсларини ўғирлаган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари аниқланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабарига кўра, «Б» МЧЖ раҳбари Т.А. ва бошқалар МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган газ ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказиб, жами 1,5 миллион метр куб табиий газни ўғирлаб, давлат ва жамият манфаатларига 2,7 миллиард сўм зарар етказгани аниқланган.

Шунингдек, Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги «М.Г.» МЧЖ раҳбари С.Р. газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг уланиш схемасини ўзгартириб, тижорат мақсадида 2,1 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Назорат тадбирларида Самарқанд туманида жойлашган «Д.» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўрнатилган газ ҳисоблаш ускунасининг манифолд қурилмасига ташқи таъсир ўтказилиб, газ таъминоти корхонасига 6,6 млрд сўмлик зарар етказилгани ҳам аниқланган.

Мавзуга оид