Фан-техника | 23:10 / 19.10.2024
11367
3 дақиқада ўқилади

Инсон мияси ҳар хил турдаги қўрқувга қандай жавоб бериши ўрганилди

Узоқ вақт мобайнида олимлар қўрқувнинг барча турлари: ўргимчакдан қўрқишдан тортиб саҳнага чиқишдаги ваҳимагача миянинг бир хил қисмларини фаоллаштиради, деб ҳисоблаган. Аммо янги тадқиқот бу фаразни рад этди.

Фото: Ruby Wallau/Northeastern University

The Journal of Neuroscience журналида чоп этилган тадқиқот ҳар бир қўрқув таҳдид турига қараб миянинг турли қисмларини фаоллаштиришини исботлади.

“Ҳозирги кунда илмий доираларда ҳиссиётлар универсал хусусиятга эгами ёки вазиятга қараб турлича намоён бўладими, деган масала қизғин муҳокама қилинмоқда”, — деб таъкидланади тадқиқотда.

Бугунги кунда сунъий интеллект ва машинавий таълимдан фойдаланиш миянинг фаоллигига қараб ҳис-туйғуларни аниқлай оладиган моделларни яратишга имкон беради.

“Сунъий идрокнинг кўплаб моделлари ҳар бир ҳиссиётга маълум бир нейрон шаблони мос келади, деган ғояни беради — бири жирканиш учун, бошқаси ғазаб учун. Агар бу тўғри бўлса, у ҳолда бундай шаблон қўрқув турлари учун ҳам тўғри келиши керак”, — дейди АҚШдаги Шимоли-шарқий университет психология доценти Ажай Сатпуте.

Ушбу гипотезани текшириш учун тадқиқотчилар жамоаси 21 киши иштирокида тажриба ўтказди. Улар ўзларини кўпроқ қўрқитаётган нарса ҳақида анкета тўлдирди. Кейин МРТ пайтида уларга турли қўрқинчли вазиятларнинг видеолари намойиш этилди: тепаликдан пастга қараш, омма олдида нутқ сўзлаш ёки ўргимчакка яқинлашиш. Видеолар ҳақиқатдан ҳам қўрқинчли бўлишига эътибор қаратилди.

Ҳар бир видеодан сўнг иштирокчилар ўзидаги қўрқув ва ҳаяжон даражасини мустақил баҳолади.

Танланма кичик бўлишига қарамай, тадқиқот иккита муҳим хулосага келиш имконини берди. Биринчидан, даҳшат реакциялари миянинг кутилганидан кўпроқ қисмларини қамраб олади. Аммо бу қисмларнинг барчаси ҳам қўрқув турларига бир хил жавоб бермайди.

“Масалан, бодомсимон қисм баландликдан қўрқиш ҳисси пайтида фаоллашган, аммо бошқа вазиятларда унчалик фаоллашмаган”, — дейди Сатпуте.

Ушбу тажриба Сатпуте лабораториясида ўтказилган, қўрқувнинг физиологик механизмларини ўрганувчи бир қатор тадқиқотларнинг бир қисми ҳисобланади. 2021 йилда гуруҳ тананинг қўрқувга бўлган реакцияларини — терлаш ва юрак фаолияти тадқиқ этилган ишни эълон қилди ҳамда турли қўрқувлар турлича намоён бўлишини тасдиқлади.

“Биз мияни ва унинг қўрқувга бўлган реакцияларини ўрганамиз, чунки қўрқувга қандай таъсир ўтказиш мумкинлигини тушунмоқчимиз. Тадқиқотимиз натижаларидан маълум бўлдики, қўрқувни енгиш усуллари индивидуал бўлиши ва инсоннинг хусусиятларини ҳам, аниқ вазиятни ҳам ҳисобга олиши керак”, — дейди Сатпуте.

Мавзуга оид