Ўзбекистон | 22:14 / 19.10.2024
9110
4 дақиқада ўқилади

“Пора олиш камайиб, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ортган” — Акмал Бурҳонов

Ўзбекистонда амалдорларнинг пора бериши ва олиши кескин камайган, лекин бюджетни талон-торож қилиш ва ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўпайган. Аксилкоррупция агентлиги коррупционерларга судда енгиллаштирувчи чоралар қўллашни тақиқлашни таклиф қилмоқда. “Масалан, пора олиш учун 10 йил қамоқ жазоси берилса, жиноятчи шу жазони 10 йил тўлиқ ўташи белгиланмоқда”, деди агентлик директори.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ўзбекистонда амалдорларнинг пора бериш ва пора олиш жинояти камайиб, бюджет пулларини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиши ҳолатлари кўпайган. Бу ҳақда 17 октябр куни ўтказилган IV Тошкент аксилкоррупция форумидан сўнг журналистларга интервью берган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz.

Бурҳоновнинг қайд этишича, статистикага кўра, 2019 йилга қадар пора бериш ва пора олиш аксарият жиноятларни ташкил қилган.

“Бугунги кунга келиб эса мансабдор шахслар томонидан пора бериш ва олиш жиноятлари кескин камайган, бу 10 фоиз ҳам чиқмайди. Лекин афсуски, коррупциянинг янги турлари – давлат бюджети маблағларини талон-торож қилиш, фирибгарлик, яъни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятлар, аксинча, кўпайган”, – деди агентлик директори.

Унинг изоҳлашича, порахўрлик жиноятларининг камайгани давлат хизматларининг рақамлаштирилгани билан боғлиқ. Ҳозирда фуқаролар онлайн, яъни инсон омилисиз 400 дан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланмоқда, деди Акмал Бурҳонов.

“Коррупцион жиноятлар статистикасини кўрадиган бўлсак, 2022 йилда 6 мингдан ортиқ ҳолат содир этилган. 2023 йилда бу жиноятлар 12 фоизга камайган. 10 йил олдин ҳам, 5 йил ё 3 йил аввал ҳам мансабдор шахслар коррупцион жиноятга қўл уришган ҳамда уларга нисбатан белгиланган тартибда жазо муқаррарлиги таъминланган. Аммо олдинлари юқори даражадаги мансабдорларнинг коррупцияга қўл ургани кўпинча жамоатчиликка эълон қилинмас эди. Бугун ҳар бир коррупцион жиноят у ким бўлишидан ёки мансабдор шахснинг даражасидан қатъий назар оммага ошкор қилиняпти”, – дея қўшимча қилди у.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Аксилкоррупция агентлиги раҳбарига кўра, 2024 йил июн ойида президент томонидан имзоланган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳам мансабдор шахслар орасида непотизм, таниш-билишчилик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйишнинг олдини олишга қаратилган жуда катта чора ҳисобланади.

“Бу қонун кучга кирганидан кейин амалиётга жорий этилса, юқори даражали давлат хизматчилари орасида коррупция кескин камаяди”, – деди Акмал Бурҳонов.

Антикоррупция агентлиги директори Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини таъкидлади. Лойиҳада коррупцияга қўл урган шахсларга енгиллаштирувчи чораларнинг қўлланилмаслиги таклифи ҳам бор.

“Масалан, пора олиш жинояти учун 10 йил қамоқ жазоси берилса, жиноятчи шу жазони 10 йил тўлиқ ўташи белгиланмоқда. Шунингдек, коррупцияга қўл урган шахслар қайта давлат хизматига қабул қилинмаслиги тўғрисида ҳам янги норма киритилмоқда”, – деди у.

Аввалроқ коррупцияга қўл урган 566 нафар шахс давлат ишига қайтадан кириб, яна коррупцияга қўл ургани маълум қилинганди. Бурҳонов парламентдаги чиқишида коррупционерларнинг очиқ реестрини тузиб, уларга нисбатан қатор тақиқларни жорий этиш ҳақидаги қонун лойиҳаси сентябр ойи охиригача Қонунчилик палатасига киритилишини айтганди.

Мавзуга оид