Жамият | 17:46 / 19.10.2024
15923
6 дақиқада ўқилади

Шоҳимардон фожиаси: сел ва унутилмас дард

1998 йил 7 июл. Шоҳимардонни вайрон қилган сел қишлоқ тарихида энг оғир фожиалардан бири бўлди. Шу куни ярим тунда Қирғизистон тоғларида улкан музликлар эриши оқибатида қишлоққа даҳшатли сел келди. Табиий офат кўплаб оилалар ёстиғини қуритди. Юзлаб одамлар бедарак йўқолди. Шоҳимардонликлар учун бу кун даҳшатли хотиралар билан муҳрланди.

Шу куни аксар шоҳимардонликлар футбол бўйича жаҳон чемпионати яримфинал баҳси Бразилия – Нидерландия ўйини бошланишини кутиб телевизор қаршисида ўтирган эди. Футбол маълум маънода тоғликлар ҳаётини сақлаб қолди. Ҳали уйқуга кетмаган кўплаб тоғликлар тепаликка қочиб чиқишиб офатдан қутулиб қолди.

Ўша машъум тунда Раҳмиддин ака икки ўғлидан айрилди. Дўконда савдони тугатиб уйга қайтишга улгурмаган ака-укани сел оқизиб кетди.

Раҳмиддин Жўраев

Ўғилларимнинг томга яширилган уст-бошини топиб олиб ҳидлаб йиғлайман...

“Ҳеч ким фарзанд доғи билан синалмасин. Ўша машъум тунда икки ўғлимдан айрилдим. Фарзандларим дўконда ишлаб турган жойида сел оқизиб кетди. Мурдалари бирин-кетин топилди. Ёз фасли бўлгани учун қишлоқда одам кўп бўлган, айни мавсум эди. Тўсатдан келган сел овози кучлилигидан танк деб ўйладим.

Сел оқизиб кетган ака-ука

Ўғилларим ҳаёт бўлганда бағрим бутун бўлган бўлармиди?… Аллоҳга керак экан, олди. Ҳалигача болаларимнинг расмларига қараб эслайман. Томоша қиламан.

Ўғилларимни соғинсам, сой бўйига келаман, чунки уларнинг жасади шу ердан топилган. Тўйчивой ўғлим сув дамбасига осилиб қолган экан. Аллоҳ шундай тақдир берган экан, унга кўнмасдан иложимиз йўқ.

Хотиним кўриб сиқилмасин деб ўғилларимнинг кийимларини томга олиб чиқиб яшириб қўярди. Уларнинг кийимларини топиб олиб кечалари билан йиғлаб чиқардим. Уст-бошини ҳидлаб болаларимни эслардим.

Сув тўпланган жой

Бу айрилиқдан кейин Аллоҳ яна ўғил берди. Умриддин деган ўғлим, 2 қиз, 3 набирам бор. Буларнинг умрини узун қилгин, илоҳим, Парвардигор, деб дуо қиламан.

Яқинда қишлоққа сел келди. Югуриб бориб сойга қарадим, яна катталашиб бирор кимга озор бермасин деб. Хайриятки, талафот бўлмади. Дўл ҳам ёғди. Сел келса ўтган фожиани эслаб даҳшатга тушаман. Сув балоси, ўт балосидан Аллоҳнинг ўзи асрасин бизни”.

5 кун кетма-кет ўлик кўмганмиз...

“1998 йил 7 июл куни тоғдаги музликлардан бири кўчиб кетиб сел келган. Қишлоғимиз сайёҳлар, дам олувчилар билан тўлган пайтда бундай ҳодиса содир бўлди.

Абдусаттор Орифов

Эсимда, ўша куни ярим кечаси футбол ўйини бўлиши керак эди. Айнан ўша вақтда содир бўлган бу жараён. Футбол бошланишини ухламай кутиб турганлар омон қолган.

Биринчи президентимиз Ислом Каримов воқеа жойига тезда етиб келиб уйсиз қолиб кетган барча аҳолига уй қуриб берилишини ваъда қилган. 1999 йилгача 159 хонадонга уйлар қурилиб топширилган.

Шоҳимардон аҳолиси 5 кун кетма-кет ўлик кўмганмиз. Сувлардан чиққан мурдаларни автобус, самолёт орқали бошқа туманларга юборганмиз. Кейин аниқланишича, селда бир оиладан Ёзёвон туманида 27 киши вафот этган экан. Булар орасида 13 нафар ёш бола ва 14 нафар ёши катта отахонлар-онахонлар бор экан. Жами 400 дан ортиқ одам селда вафот этган. Бу селнинг келишига сабаб тоғдан муз ёрилиб бир бўлаги оқиб келган экан”, дейди шоҳимардонлик Абдусаттор Орифов.

Келинойим болаларини ташқарига чиқариб ўзи уйда қолиб кетган...

Жалолиддин Козимов

“1998 йилдаги сел Шоҳимардон тарихидаги энг даҳшатлиси эди. Бу ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлган, ҳеч ким буни тўхтатиб қола олмаган. Қишлоғимиздан 5 киши вафот этган, шулардан бири келинойим эди. Келинойим болаларини ташқарига чиқариб ўзи уйда қолиб кетган. Қутқаришга борганимизда жонлари узилиб бўлган экан. Бу табиий офат кўпчиликнинг ёстиғини қуритди. Сел келганда бирдан ток ўчган ва ўша куни Бразилия-Нидерландия жамоаларининг футбол ўйини намойиш қилиниши керак эди”, – Жалолиддин Козимов.

Бу кунларни қайтиб кўрмайлик...

Бахтиёр Абдуҳамидов

“Узунлиги 500, энига 40 метр, чуқурлиги 20 метрли шағални бомба портлагандек сел олиб келган. Шу сабабли анча одамлар марҳум бўлди. Авваллари тоғдаги музликлар эришига қарши тез-тез вертолётлар аммиак сепиб туришган. Бу иш кейинчалик амалга оширилмай қўйилганди. Оқибатда музлик эриб, сизиб чиқа бошлаган. Улкан музликнинг эриши эса қишлоғимиз вайрон бўлишига олиб келди. Бу кунларни қайтиб кўрмайлик”...

Акам набираси билан оқиб кетди...

Ҳамиджон Собиров

“Сел келган куни ўғлим келишини кутиб ухламай тургандим. Ўғлим дўконда ишларди. Ўша куни футбол ўйини бор эди. Ўғлим билан бирга футбол кўришни режа қилгандик.

Акамни ҳам шу сел набираси билан олиб кетди. Акамнинг уйига борсак на уй, на одамлари бор эди. Даҳшатли воқеаларга гувоҳ бўлганмиз. Ўликларни топиб автобусларга жойлаб шифохонага, ўз туманларига юборганмиз. Орасида меҳмонларимиз ҳам кўп бўлган. Бу ҳам бир Аллоҳнинг иши-да, бу ёғига тинчлик бўлсин илоҳим”.

Ўзбекистоннинг тоғ бағрида жойлашган эксклав ҳудуди – Шоҳимардон қишлоғида бугун ҳаёт қайнайди. Қишлоқ ёз фаслида сайёҳлар-у меҳмонлар билан тўла. Лекин тоғликлар 1998 йил 7 июл кунги даҳшатли селни ҳали унутганларича йўқ.

Сарвар Зиёев, Kun.uz

Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид