Жаҳон | 19:13 / 20.10.2024
5133
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Қора денгиз флоти Украина дронлари туфайли манзилини ўзгартирди

Россия Қора денгиз флоти кемаларининг муҳим қисмини Севастополдан бошқа манзилга кўчиргани тасдиқланди.

Фото: Алексей Даничев / РИА Новости

Украина Қуролли Кучлари дронлари ҳужумлари туфайли Россиянинг Қора денгиз флоти ўз манзилини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда россиялик сенатор Дмитрий Рогозин маълум қилди.

«Агар биз яна бир бор қурол тизимларига ва махсус ҳарбий операция даврида жанговар фойдаланиш усулларига киритилган ўзгаришларга қайтадиган бўлсак, унда Қора денгиз флоти яхши мисол бўла олади. У бизнинг катта кемаларимиз душман дрон-катерлари учун қулай нишонга айлангани туфайли манзилини ўзгартиришга мажбур бўлди», деди Рогозин. У бошқа тафсилотларни келтирмади.

2023 йил октябр ойида The Wall Street Journal Россия Қора денгиз флотининг катта қисмини аннексия қилинган Севастопол портидан олиб чиқиб кетилгани ҳақида ёзган эди. Газета ўз манбаларига таянди ва сунъий йўлдошдан олинган суратларни келтирди. Унинг маълумотларига кўра, Россия «катта кемаларни, жумладан учта ҳужумкор сувости кемаси ва иккита фрегатни» Севастополдан Россия ва Қримнинг бошқа портларига кўчирган, бу эса «яхшироқ ҳимояни таъминлайди».

«OSINT-аналитик» томонидан эълон қилинган сунъий йўлдош суратлари Россия Қора денгиз флоти кемаларининг муҳим қисми Севастополдан Краснодар ўлкасидаги Новороссийск портига кўчирганини тасдиқлади.

Кремл Қора денгиз флотининг Новороссийскка кўчирилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ беришдан бош тортди.

Мавзуга оид