Ўзбекистон | 19:26 / 23.10.2024
2346
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллий тилга кўп эътибор қаратадиган давлатларда тараққиёт яхшиланган – МҲТИ

Эконометрик таҳлиллар она тилини мукаммал билиш бошқа тилларни ўзлаштириш эҳтимоли ва умумий таълим даражасини оширишини кўрсатган. Шунингдек, она тилида таълим олган болаларда саводхонлик билан бирга, ўзига бўлган ишонч ва маданий ғурур ҳам ошиши аниқланган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) тадқиқотчилари аҳоли турмуш фаровонлиги, иқтисодий тараққиёт ва жамият равнақига таъсир қиладиган омиллар бўйича тадқиқот ўтказди. Унга кўра, она тилини пухта ўрганиш ва унга асосланган таълим (Mother tongue based) аҳоли саводхонлиги ва муваффақиятли ўқиш, меҳнат бозорига кириш имкониятларини оширади. Шунингдек, маҳаллий тилга кўпроқ эътибор қаратадиган мамлакатларда ижтимоий тараққиёт, ҳаракатчанлик ва капиталнинг яхшиланиши аниқланган, дейилади тадқиқотда.

ЮНЕСКО тадқиқотига кўра, ўрта муддатли истиқболда она тилига асосланган таълим дастурларида таълим олган болаларда нафақат саводхонлик кўникмалари, балки ўзига бўлган ишонч ва маданий ғурур ҳам ошади.

Тадқиқотдаги ҳисоб-китобларда Ўзбекистонда 2021 йил учун уй хўжаликлари бюджетини ўрганиш бўйича ўтказилган сўров натижаларидан фойдаланилган. Эконометрик таҳлиллар она тилини мукаммал билиш бошқа тилларни ўзлаштириш эҳтимоли ва умумий таълим даражасининг оширишини кўрсатган ва бу иш ҳақининг (2-тилни билгани учун) ошишига олиб келади.

Шунингдек, ўрта ёки олий маълумотга эга бўлган ёшлар орасида чет тилларини билиш эҳтимоллиги юқори экани аниқланган. Ўзбекистонда ҳар бир қўшимча ўқилган таълим йили иш ҳақининг 8,79 фоизгача ўсишига (дастлабки тадқиқотда Жиззах вилоятида 12,5 фоизгача) олиб келган.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид