Жаҳон | 12:55 / 26.10.2024
1275
2 дақиқада ўқилади

Ғазо ҳукумати: Исроил Ғазо шимолини буфер зонага айлантиришга ҳаракат қилмоқда

Ҳукумат матбуот хизмати раҳбарининг айтишича, Исроил қўшинлари «кўчирилган одамларни таъқиб қила бошлаган ва уларни шимолга жўнатиб, эвакуацияга мажбурлаган».

Фото: AP

Исроил армияси Ғазо шимолидаги кўчирилганлар чодирларини ёқиб, депортация режаларини амалга ошириш ва минтақани буфер ҳудудга айлантириш учун атайлаб очарчилик сиёсатини амалга оширмоқда.

Бу ҳақда Ғазо ҳукумати матбуот хизмати раҳбари Исмоил ас-Савабит «Анадолу»га маълум қилди.

Ас-Савабитнинг таъкидлашича, тахминан 19 кундан бери Жабалия, Байт Лаҳия ва Байт Ханун қочқинлар лагерлари ҳудудларини интенсив равишда ўққа тутган ва қамал қилган Исроил кучлари «ички кўчирилганларни таъқиб қила бошлаган ва уларни шимолга эвакуацияга мажбурлаган».

Ас-Савабитнинг сўзларига кўра, Исроил армияси турли турар жой марказларини бўшатганидан сўнг, кўчирилганларнинг чодирларини ёқиб юборишга киришган. «Исроил ўз мақсади ва шимолий Ғазо секторини ўз ишғоли остидаги буфер зонага айлантириш режасини амалга оширишга содиқдир. Бу қабул қилиниши мумкин эмас ва халқаро ҳуқуқ ва гуманитар ҳуқуқни бузади», — деди у.

Ас-Савабитнинг қўшимча қилишича, Исроил армияси буни «ўзини қурол-яроғ билан таъминловчи Америка ҳукумати тўлиқ ниқоби остида ва бунда иштирок этаётган Британия, Германия ва Франция каби баъзи Ғарб давлатлари розилиги билан амалга оширмоқда».

Мавзуга оид