Украинага қарши жангга ташланган КХДР аскарлари: экспертлар қандай фикрда?
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, 23 октябрга қадар КХДРнинг 3 минг аскари Россияга келтирилган, умуман Шимолий Корея Украина билан урушга 12 минг аскарини жўнатишни режалаштирмоқда.
Бу орада Украина томони Узоқ Шарқдаги «Сергеевский» полигонида шуғулланаётган шимолий кореялик аскарларнинг видеосини эълон қилди.
«Медиазона» нашри КХДР бўйича эскпертлар Андрей Ланков ва Фёдор Тертицкий билан бу борада суҳбатлашди. Улар КХДР раҳбариятининг бу қарори нега кутилмаган бўлгани ва Шимолий Корея армияси қандай тузилганини сўзлаб беришди.
Изоляцияга қарамасдан
«КХДР тарихида бунақаси бўлмаган», — дейди кореяшунос, Сеулдаги Кукмин университети ўқитувчиси Андрей Ланков.
Шимолий Корея аввал ҳам бир неча марта ўз ҳарбийларини хориждаги можароларда иштирок этиш учун жўнатган, бироқ улар кичикроқ контингент бўлган: шимолий кореялик учувчилар 1960-йилларда Виетнамдаги урушда қатнашган, 1967 ва 1973 йиллардаги араб-исроил урушларида иштирок этишган. Бундан ташқари, КХДР ҳарбийлари техника етказилишини кузатиб боришган.
«КХДР ҳар доим сезиларли қурол-яроғ етказиб берувчи бўлган. Улар асосан қашшоқ харидорлар учун арзон тизимларга ихтисослашган, шу сабаб шимолий кореялик ҳарбийлар Фижи ва Руанда каби мутлақо экзотик жойларда ҳам пайдо бўлишган», — дейди Ланков.
Сеулдаги Кукмин университети катта илмий ходими, КХДР армияси бўйича мутахассис Фёдор Тертицкийнинг қўшимча қилишича, илгари КХДР хорижга аскарлар эмас, офицерлар жўнатганида, улар «бирор зарарли нарсани ўрганиб келиши»дан чўчиб, уларни шахсан доҳийнинг ўзи ёки вориси тасдиқлаган.
Россияга аскарлар жўнатилиши КХДРнинг ўзи сўнгги йилларда оғишмай амал қилиб келаётган изоляционистик курсига терс, дейди Ланков.
«Ҳозир Шимолий Корея максимал изоляция сиёсатини юритмоқда ва мен шундай деган бўлардим: агар улар ишчиларни четга жўнатишни чўзишаётган бўлса, ҳарбий хизматчиларни жўнатиш сиёсий жиҳатдан янада хавфлироқ тадбир, — дейди Ланков. — Шимолий Корея раҳбарияти мамлакат аҳолиси ундан ташқаридаги ҳаёт билан танишишини умуман истамайди. Улар азалдан шунақа, бироқ аввал қандайдир ён беришларга тайёр бўлишган бўлса, ҳозир бутунлай ёпилиб олишган. Сўнгги йилларда Шимолий Корея ўз тарихида мисли кўрилмаган даражада ёпиқ давлат. Расмий баҳона сифатида, албатта, коронавирус пандемияси ишлатилмоқда, бироқ, табиийки, бу сабаб эмас, айнан баҳона».
19 июн куни Владимир Путин ва Ким Чен Ин (Ким Жонг Ун) стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолашди.
The Wall Street Journal нашри маълумотига кўра, бу шартномада махфий пункт бўлган ва у Украинага минглаб шимолий кореялик аскарларни жўнатишни назарда тутган. Бу ҳақда нашрга Россия разведкасининг шартнома деталларидан бохабар собиқ зобитларидан бири сўзлаб берган. Унинг қўшимча қилишича, КХДР яна қўшин жўнатишда давом этади. Зобитнинг сўзларига кўра, айни пайтда шимолий кореялик ҳарбийлар фронт чизиғидан хавфсиз масофада ушлаб турилибди. Улар логистика, тактика, фронтнинг олд чизиғида пилотсиз парвоз қурилмаларини ишлатишга ўргатилмоқда.
Rand Corp. таҳлилий маркази ядровий хавфсизлик масалалари бўйича илмий ходими Бенжамин Р. Янгнинг тахмин қилишича, КХДР ҳукумати ҳолдан тойдирувчи урушда ғалаба қозонишга ўрганиш ва артиллериядан самарали фойдаланиш имкониятидан фойдаланиб кўрмоқчи. «Ҳеч қандай ўқув машқлари ва машғулотлар ҳарбий ҳаракатларда жамғарилган реал тажриба ўрнини боса олмайди ва бу Корея яриморолида келгусида юзага келиши мумкин бўлган можароларда асқатади», — деган у.
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Россия КХДРга ҳар бир одами учун ойига 2 минг доллардан тўлаб беради.
Экспертлар бу қарор Шимолий Корея раҳбарияти учун оқибатлар келтириб чиқаради, деган умумий фикрга келишган.
«Чегарадан ташқарида ҳамма ҳам, айниқса бу ишлар устидан кузатув олиб бориши керак бўлганлар — ҳарбий полиция ва бутун сиёсий таркиб қизиқ ғояларга эга бўлиши мумкин, — дейди Тертицкий. — Баъзан бу қизиқ оқибатлар келтириб чиқариши ҳам мумкин, чунки бу инсонлар ва уларнинг ҳарбий тайёргарлиги доҳийни ўлдиришдек жанговар вазифа учун ҳам жуда мос келади. Доҳийнинг тансоқчилари ҳисобга олинмаса, улар бинони штурм қилиб, тансоқчиларнинг қаршилигини синдириб, семизликнинг оғир даражаси билан оғриган биргина инсонни йўқ қилиш учун ҳаммадан ҳам муносиб номзодлар».
Ланков эса аскарлар фронтдан қайтгач, ҳарбий давлат тўнтариши юз бериши мумкинлигига ишонмайди: «Мен, тўғриси, бу сценарийга кўп ҳам ишонмайман, бироқ бундай бўлишининг эҳтимоли ўта паст даражадан паст даражага кўтарилади. Шимолий Корея элитаси ўзаро жангга киришишдан манфаатдор эмас. Уларда йўл йўқ. Шимолий Корея экзистенциал таҳдидга дуч келадиган, яъни мамлакатнинг мавжудлиги савол остида қоладиган дунёнинг кам сонли давлатларидан бири ҳисобланади. Агар тизим қуласа, у ўз вайроналари остида айни пайтдаги шимолий кореялик ҳукмрон қатламни босиб қолади. Мен Кимлар оиласи ҳақида эмас, юз минглаб одамлар ҳақида гапиряпман. Бу одамлар ҳам у ёки бу даража буни тушинишади ва кескин ҳаракатлар қилишдан тийилишади. Лекин дунё кўриб келган зобитлар корпуси ҳокимиятга нисбатан танқидийроқ муносабатда бўлиши ҳам бор гап».
Рискларга қарамасдан КХДР ҳукумати нега бундай қадам босгани ҳозирча тушунарсиз. «Менимча, Шимолий Корея раҳбарияти биринчидан бу орқали катта пулга эга бўлишни мақсад қилган, иккинчидан, қандайдир олиш қийин бўлган муҳим ҳарбий технологияни қўлга киритишдан умидвор, чунки Россия бундай технологияларни бекордан бекорга бермайди», — дея тахмин қилади Ланков.
Шимолий Корея раҳбарияти «бутун дунёни потенциал душман деб қабул қилади», шу сабаб ҳарбий технологиялар уларга ҳар доим зарур. Улар ҳозир «зарурият туғилганида исталган давлатга зарба бера олиш учун» қитъалараро баллистик ракетасини ишлаб чиқиб, қуролланишга қабул қилишни кўзламоқда.
Худкушлар отряди
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Россияга КХДРнинг 11-армия корпуси ҳарбийлари жўнатилган. «Бу аввал енгил пиёдалар деб аталган, кейинроқ махсус операциялар кучлари деб номланган. Яъни, колхозларга ёрдам берувчи ва бўш вақтларида доҳийнинг асарларини ўрганувчи оддий пиёдаларга таққосланганда булар махсус аскарлар ва штурмчилар», — дейди Тертицкий.
Унинг сўзларига кўра, Шимолий Корея армияси жуда эскирган ва «XIX асрнинг классик армияси ва совуқ уруш даври армияси омихтасига ўхшайди». КХДР армиясида ҳануз сиёсий раҳбар (политрук)лар институти сақланиб қолган, улар қўмондонларнинг буйруқларини тасдиқлаб бериши керак.
«Сиёсий раҳбар — бу қандайдир масалаларда қўмондонга тенглаштирилган шахс. Шартли қилиб айтганда, қўмондон «Рота, манави жойга отлан», деб буйруқ берса, аскар «Ўртоқ, сиёсий раҳбар, сиз бу буйруқни тасдиқлайсизми?» деб сўраши керак. Агар сиёсий раҳбар тасдиқламаса ҳеч қанақа силжиш бўлмайди», — деб тушунтиради эксперт.
Баъзи масалаларда ҳарбий полиция вакили, кадрлар бўлими бошлиғи ва қўмондоннинг орт чизиқ бўйича ўринбосарининг маъқуллови ҳам керак бўлади. Жанговар шароитларда бу қандай ишлаши мутлақо тушунарсиз. Самарали жанг қилиш учун шимолий кореяликлар бу тизимни ўзгартириши керак бўлади. «Бу айёрликларнинг барчаси давлат тўнтаришининг олдини олиш учун қилинган», — дейди Тертицкий.
Шунингдек, фронтда пайдо бўлган шимолий кореяликлар россиялик ҳарбийлар билан буйруқлар занжирини қандай ўрнатиши ҳам тушунарсиз — энг аввало улар тил тўсиғига дуч келишади. Тертицкийнинг сўзларига кўра, Шимолий Корея армиясидаги кам сонли офицерлар инглиз тилини билиши мумкин, «рус тили иккинчи ўринда, лекин уни ўзлаштириш жуда ортда қолган».
КХДРдаги муддатли хизмат нима?
Тертицкий шимолий кореялик йигитнинг типик йўлини тасвирлаб берди: 16 ёшида у ҳарбий ҳисобга қўйилади, икки йилдан сўнг агар университетга кира олмаса, уни армияга чақиришади. Мамлакатда аҳолининг фақат 10 фоизи олий маълумот олиши мумкин.
Чақирув билан армияда хизмат етти-саккиз йил давом этади. Дастлабки икки-уч ойда Россия армиясидагидек, чақирилувчи ўқув қисмида тайёргарликдан ўтади, ёш аскар курсини ўтаганидан сўнг уни доимий хизмат манзилига жўнатишади. Унда «кундалик ташвишлар» бошлади: аскарлар бирга яшашади, доим «машғулотлар ва мафкуравий дарслар»да қатнашишади, шунингдек, ҳарбий матбуот билан танишишлари мумкин. Уларни уйларига қўйиб юборишмайди, ота-оналари билан деярли кўришишмайди.
Хизматнинг учинчи йилида хизмат қилаётган аскарга фуқаролик ҳаётига қайтиш — университетга ҳужжат топшириш ёки зобитлик унвонини қўлга киритиб, профессионал ҳарбий бўлиш учун ҳарбий ўқув юртига йўл олиш имконияти тақдим этилади. Бироқ, аскарларнинг кўпчилиги хизмат қилишда давом этишади ва орадан тўрт йил ўтгач, «фуқаролик ҳаётига мутлақо тайёр бўлмаган ҳолда» демобилизация қилинади.
Экспертлар фикрича, ҳокимият ҳарбийларга Россияга бориб урушишни сўраб, тушунтириб ҳам ўтирмаган. «Ҳарбий кишининг иши — сиёсий раҳбарият буюрган жойга бориб жангга киришиш, — дейди Ланков. — Бу шунчаки ҳарбий хизматнинг бир қисми. Шу сабабли, бу ерда вазият жуда оддий. Ҳарбийлар қаердадир жанг олиб боришга буйруқ олишган ва йўла тушишган. Бу уруш нега бўлаётгани, қандай сиёсий сабаблар туфайли юзага келгани уларни асло ташвишлантирмайди, шунинг учун уларнинг позицияси мутлақо ягона: бундай масалаларни сиёсий раҳбарият ҳал қилиши керак».
Ланковнинг айтишича, КХДР армиясининг репутацияси яхши, лекин уни фақат жанговар шароитда синаб кўриш мумкин бўлган. «Шимолий Корея армияси 70 йилдан буён чинакамига урушиб кўргани йўқ, — дейди у. —Кичик, микроскопик гуруҳларнинг тўқнашувлари ҳисоб эмас. Шунинг учун ҳар қандай сюрпризни кутса бўлади. Улар ўзларини 300 спарталик олдларида ип эшолмай қоладиган жангчилар сифатида намоён қилиши ҳам мумкин, аксинча, биринчи портлаш овозидан қочиб кетишлари ҳам мумкин».
Шимолий Корея армиясида асирга тушиб қолиш хавфи юзага келганда, улар ўзларини ўлдириши кераклиги аскарларнинг қулоғига қуйилади. Ланковнинг сўзларига кўра, Жанубий Корея ва Японияда кичик миқёсли операциялар ўтказган шимолий кореялик разведка гуруҳлари «асирга тушишдан кўра ўзини ўлдиришни маъқул кўришган», бироқ «йирик контингентлар учун мутлақо бошқа вазият юзага келиши мумкин».
Кўзни қамаштирувчи бой Россия
Шимолий кореяликларда Россия образи «анча кўзни қамаштирувчи», дейди Тертицкий. Ланков ҳам буни тасдиқлайди: КХДР аҳолиси Россияни «кўзни қамаштирадиган даражада бой, жуда эркин, қизиқ маданиятга эга ва нисбатан дўстона давлат» деб билишади. Шимолий кореяликлар учун эркинлик бу — «президент ҳақида латифалар айтиш имконияти, губернаторни ҳаттоки газетада сўкиш, ҳеч қандай рухсатномасиз мамлакатнинг исталган нуқтасига бора олиш, боласи билан Мисрнинг арзон курортларида дам олиб кела олиш, Шимолий Кореяда тақиқланган китобларни ўқий олиш ва интернет титкилаш», — деб санайди у.
Ҳозир КХДРнинг расмий оммавий ахборот воситалари Украина билан уруш ҳақида Russia Today билан бир хил мазмундаги лавҳалар узатмоқда, дейди Тертицкий. Ўтган ёзгача ички аудиторияга мўлжалланган ОАВ умуман босқин ҳақида ёзмаган. Россиянинг собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгу КХДРга келиб кетганидан сўнг вазият ўзгарган.
«Ҳозир эса Украинанинг айни пайтдаги ҳукумати АҚШнинг қўғирчоғи экани, Россия эса Киевдаги америкапараст агрессив режимдан ҳимояланиш учун ҳамда украин халқини ўша америкапараст реакцион режимдан қутқариш учун уруш олиб бораётгани ҳақида сўзланмоқда, — дейди Ланков. — Бу расмий линия. Унга аҳоли нечоғлик ишонаётганини айтиш қийин. Менимча, чиппа-чин ишонмоқда, чунки кўпчиликда бошқа муқобил ахборот манбасининг ўзи йўқ».