Ўзбекистон | 09:30 / 29.10.2024
3895
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Хорватия раҳбарияти билан музокаралар ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хорватия бош вазирига 2025 йилда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш бўйича таклифи етказилди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги мамлакат делегацияси шу йилнинг 22-24 октябр кунлари ташриф билан Хорватияда бўлди

Ташриф чоғида Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва сиёсий мулоқотни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири Хорватия бош вазири Андрей Пленкович билан музокаралар бўлди. Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасида турли йўналишлар, жумладан, савдо-иқтисодий, транспорт ва инфратузилма, энергетика, шунингдек, меҳнат миграцияси соҳаларида алоқаларни чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Хорватия ҳукумати раҳбари Ўзбекистон президентининг икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хорватия Бош вазирига 2025 йилда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш бўйича таклифи етказилди.

Шунингдек, ташриф доирасида, Хорватия бош вазири ўринбосари, денгизчилик, транспорт ва инфратузилма вазири Олег Буткович, Хорватия Ташқи ишлар ҳамда Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик вазирликлари раҳбарияти билан ҳам учрашувлар ўтказилди.

Мавзуга оид