Ўзбекистон | 20:05 / 30.10.2024
4177
5 дақиқада ўқилади

30 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Вазирлик ва ҳокимликлардаги қисқариш, сайловнинг тасдиқланган натижалари, маош ва пенсияларни оширишга ажратилаётган маблағлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Вазирлик ва ҳокимликларда ходимлари сони қисқартирилмоқда

Президент фармони билан вазирлик ва идораларнинг раҳбар ва ишлаб чиқариш ходимлари 5,2 фоизга қисқартирилмоқда. Ҳокимликларнинг бошқарув аппарати ходимлари сони ҳам камайтирилади.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда 21 та вазирлик, 14 та қўмита (13 та эди), 26 та агентлик (25 та) ва 9 та инспекция (11 та), жами 70 та республика ижро этувчи ҳокимият органлари мавжуд.

70 та давлат органи бошқарув ходимларининг максимал сони 53 560 нафар этиб белгиланди.

Бунгача ходимлар сони 56 509 нафарни ташкил этган, яъни бошқарув ходимларининг 2949 штат бирлиги ёки 5,2 фоизи қисқартирилган.

Шу билан бирга, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бошқарув аппаратлари ходимларининг максимал сони 706 нафардан 886 нафарга, шу жумладан, бош режаларни ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа идоралари ходимларининг сони 46 нафарга оширилмоқда.

Вилоят марказлари ва Нукус шаҳри ҳокимликлари, шунингдек, вилоятларга бўйсунувчи шаҳар ва туман ҳокимликларида ҳам ходимлар сони қисқартирилган.

Чиқиндидан қарзи борларга электр тўлови чекланадими?

Ижтимоий тармоқларда 1 ноябрдан чиқиндидан қарзи борлар тўлиқ электрдан узилиши ҳақида хабарлар тарқалди

Чунки қонунчиликда 2024 йилнинг 1 ноябридан бошлаб республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун электр энергиясига тўловни чеклаш белгиланган эди.

Аммо «Тоза макон биллинг» дастурий комплекси ишга туширилиши муносабати билан мазкур амалиётни татбиқ қилиш муддати кечиктирилди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабатида билдирилишича, Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан янги “Тоза макон биллинг” дастурий комплекси ишга туширилиши муносабати билан 2024 йил 31 октябр соат 23:50 дан 5 ноябрь соат 23:50 гача профилактик ишлар олиб борилади.

Ушбу вақт оралиғида барча турдаги тўловларни амалга оширишда ҳамда шахсий ҳисобрақамдаги мавжуд маълумотларни олиш, абонент тўғрисидаги маълумотларни ўзгартириш, қўшиш ва ўчиришда вақтинчалик техник узилишлар бўлади.

“Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинмоқда”, дейилади хабарда.

Сайлов натижалари тасдиқланди

Ўзбекистонда ўтган парламент сайловларидаги ягона сайлов округи бўйича сайлов натижалари тасдиқланди. Шунингдек, депутатлик мандатлари сиёсий партиялар ўртасида тақсимланди.

29 октябр куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда 74,72 фоиз сайловчи сайловда иштирок этгани, сиёсий партияларнинг ҳар бири 7 фоиздан кўп овоз тўплагани сабабли Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови ўтган ва ҳақиқий деб топилди.

Ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатасининг 75 та депутатлик ўрни сиёсий партиялар ўртасида қуйидагича тақсимланди:

- Ўзбекистон либерал-демократик партияси — 26;

- «Миллий тикланиш» демократик партияси — 14;

- Халқ демократик партияси — 13;

- «Адолат» социал-демократик партияси — 12;

- Экологик партия — 10;

Бундан ташқари, депутатлик мандатлари тақсимланган сиёсий партиялар ва партия рўйхати бўйича сайланган депутатларга хабарномалар юборади. Шундан сўнг, Марказий сайлов комиссияси уларни Қонунчилик палатаси депутати сифатида рўйхатга олади.

Маош ва пенсияларни ошириш учун 6,6 трлн

2025 йилда Ўзбекистонда иш ҳақи ва пенсияларни оширишга қанча маблағ ажратилиши маълум қилинди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “2025 йил учун Ўзбекистон давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва Бюджетнома ишлаб чиқилганини эълон қилди.

Қонун лойиҳасида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун республика бюджетидан 2025 йилда ажратилаётган маблағларнинг чекланган миқдорлари келтирилган. Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини, шунингдек айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатлар учун бу миқдор 6,6 триллион сўмни сўмни ташкил этиши белгиланмоқда.

Шунингдек, 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоиз ўсиши прогноз қилинган.

2025 йил учун давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўм, харажатлари эса 344,6 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.

Неча ёшда ажрашиш кўпроқ?

2024 йилнинг ўтган 9 ойида ажрашганлар энг катта улуши 35 ёшгача бўлганларга тўғри келган, яъни жами никоҳдан ажрашганларнинг 64,3 фоизини ташкил қилган

Статистика қўмитаси хабарига кўра, никоҳдан ажрашишлар 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга кўп. 

Никоҳдан ажрашганларнинг ўртача ёши — эркаклар учун 35,2 ёшни, аёллар учун 32,4 ёшни ташкил этган.

Никоҳдан ажрашишларнинг асосий қисми шаҳарларда 21,1 минг ёки 62 фоиз, қишлоқларда эса ажралишлар сони 12,9 мингтани ёки 38 фоизни ташкил этган.

Мавзуга оид