Жаҳон | 14:40 / 30.10.2024
1877
3 дақиқада ўқилади

Киев ва Сеул КХДРга қарши туриш учун алоқаларни фаоллаштирмоқда

Украина ва Жанубий Корея президентлари Шимолий Кореянинг Украинадаги урушда иштирокига жавоб чоралари ва стратегияларини ишлаб чиқиш учун мамлакатлар ўртасида разведка маълумотлари алмашинувини кучайтиришга келишиб олдилар.

Фото: REUTERS

Украина президенти Володимир Зеленский жанубий кореялик ҳамкасби Юн Сок Ёл билан Киев ва Сеулнинг Россия томонида Украинадаги урушда Шимолий Корея қўшинларининг иштирок этиши кутилаётгани фонида телефон орқали мулоқот қилди. «Биз Шимолий Корея ҳарбийларининг Россиянинг Украинага бостириб киришига алоқадорлигини муҳокама қилдик, фақат битта хулоса бор – бу уруш халқаро тус олмоқда ва икки давлат чегарасидан ташқарига чиқмоқда», — деб ёзган Зеленский 29 октябр, сешанба куни Telegramʼда.

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, у Жанубий Корея президентига «3 минг Шимолий Корея ҳарбийларини жанговар зонага яқин ҳудуддаги Россия полигонларига ўтказиш ва уларнинг сонининг тахминан 12 мингга кўпайиши кутилаётгани ҳақида янги маълумотларни тақдим этган».

«Биз разведка маълумотлари ва тажриба алмашишни кучайтириш, кескинлашувга жавобан ҳаракатлар стратегияси ва қарши чоралар рўйхатини ишлаб чиқиш, шунингдек, умумий ҳамкорларни жалб қилиш учун барча даражаларда, жумладан, энг юқори даражадаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олдик», деди у. Зеленский ушбу келишувлар доирасида Киев ва Сеул яқин орада ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун делегациялар алмашишини қўшимча қилди.

Осиё ОАВ: КХДРдан қочган 200 киши УҚКга ёрдам беришга тайёр

Жанубий Кореяда яшовчи шимолий кореялик қочқинлар, агар улар Украинадаги фронтга ўтказилса, Шимолий Корея ҳарбий хизматчиларига таъсир ўтказиб, Украина армиясига ёрдам беришга тайёр. Ҳонгконгнинг South China Morning Post газетаси сешанба куни хабар беришича, 200 га яқин қочқинлар гуруҳи «собиқ сафдошларига қарши психологик уруш кампаниясини бошлаш учун Украинага бормоқчи».

Гап армияда 7 йилдан 9 йилгача хизмат қилган, тажрибага эга собиқ КХДР ҳарбийлари ҳақида бормоқда. Улар ўзларининг ички билимларидан шимолий кореяликларнинг психологик заифлигидан фойдаланиш, уларни тартибсизлантириш ва Украинадаги фронтга жўнатишса, руҳиятини бузиш учун ишлатмоқчи.

«Биз у ерга психологик уруш агенти сифатида — овоз кучайтиргичлар, варақалар тарқатувчи ва ҳатто таржимон сифатида ишлаш учун боришга тайёрмиз», деди 69 ёшли Ан Чанг Ил This Week нашрига. «Биз Шимолий Кореянинг ҳарбий маданияти ва психологик ҳолатини ҳаммадан кўра яхшироқ тушунадиган уруш фахрийларимиз», — деди у.

Украина Қуролли кучларига ёрдам беришга тайёр яна бир фаол Ли Мин Бок Украинанинг Сеулдаги элчихонасига очиқ хат эълон қилди ва унда Володимир Зеленскийга мурожаат билан чиқди. У Зеленскийни «Шимолий Корея аскарларини қутқаришга ёрдам беришга имкон яратишга чақирди», дейилади маълумотда.

Мавзуга оид