Ўзбекистон | 18:28 / 30.10.2024
9503
2 дақиқада ўқилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирига янги биринчи ўринбосар тайинланди

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Президент қарори билан Шерзод Абдурасулович Каримов мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шерзод Каримов 2006–2012 йилларда халқ таълими тизимида, 2012–2018 йилларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ишлаган.

2018 йилда  Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари ахборот-таҳлил департаменти Узлуксиз таълим тизимида ислоҳотларни мувофиқлаштириш масалалари шуъбасининг Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлар тизимида ислоҳотларни мувофиқлаштириш масалалари бўйича етакчи мутахассиси этиб тайинланган, 2022 йил мартидан Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибияти мудирининг ўринбосари – Таълим тизимини ривожлантириш масалалари шуъбаси мудири сифатида иш бошлаган.

У 2024 йил 28 февралдан бугунгача Вазирлар Маҳкамаси «Маҳалла еттилиги», ёшлар сиёсати ва маънавият масалалари департаменти Ёшлар сиёсати, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш ва маънавият масалалари бўлими бошлиғи лавозимида ишлаётган эди.

2020 йил июлидан Халқ таълими вазирлигида (2023 йил январидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги) биринчи ўринбосар лавозимида ишлаб келган Усмон Шарифхўжаев 2024 йил 18 октябр куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги директори ўринбосари этиб тайинланганди.

Мавзуга оид