Ўзбекистон | 19:31 / 31.10.2024
82926
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ноябр ойида қандай об-ҳаво кутилмоқда?

Ноябр ойи бошланиши илиқ, кейинги ҳафталари совуқ бўлади. Ёғингарчилик октябрдагидан кўпроқ, давомий ва жадал бўлади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда бу ил куз фаслининг охирги ойи иссиқ ва асосан қуруқ об-ҳаво билан бошланади, кейинги ҳафталарда ҳаво ҳарорати кескин ўзгариб туради. «Ўзгидромет» матбуот хизмати ноябр ойида кутилаётган об-ҳаво прогнозини эълон қилди.

Иқлим маълумотларига кўра, ноябр ойида ўртача ҳаво ҳарорати октябр ойига нисбатан 6–7 даражага, шимолда ва чўл ҳудудларда 8–9 даражага паст бўлади. Ойнинг биринчи ярмида ўртача кўп йиллик кундузги ҳарорат +15…+20 даражани (баъзан +22…+27 даражагача), ойнинг иккинчи ярмида эса +10…+15 даража илиқ бўлади.

Ноябрда ёғингарчилик (ёмғир, баъзи жойларда ёмғир қисқа муддатга қорга айланади) октябр ойига нисбатан тез-тез кузатилади, улар давомий ва жадал бўлади. Тоғли ҳудудларда биринчи қор қоплами шаклланади. Пастки қатламларда қор қоплами беқарор бўлади, 2000 метрдан юқори бўлган баландликларда эса қор қопламининг баландлиги ой охирига 25–40 сантиметрга етади.

1–3 ноябр кунлари республикада асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат 2 ноябрда Тошкент вилоятининг айрим жойларида кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади. 3 ноябрга келиб, кундузи ҳаво +20…+25 даража илиққача исийди.

4 ноябрдан Ўзбекистон ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келиши бошланади, ёмғир ёғади. Кундузги ҳаво ҳарорати Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида +10…+15 даражагача пасаяди, республиканинг қолган ҳудудларида эса илиқ об-ҳаво сақланиб туради.

5 ноябрдан нам ва совуқ ҳаво массалари барча ҳудудларга тарқалади.

Совуқ ҳарорат фонида 5–8 ноябр кунлари республиканинг барча вилоятларида, 9–10 ноябрда шарқий ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади (тоғларда ёмғир қорга айланади), баъзи жойларда кучли бўлади. Ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди ва биринчи ўн кунлик охирига келиб, ҳарорат кечалари +3…+8, кундуз кунлари +7…+12 даражани ташкил этади.

Ноябр ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +3…+8 даражадан –5…0 даражагача совийди, кундуз кунлари +10…+15 даражадан +3…+8 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Илиқ об-ҳаво даврлари ҳарорат кундузи +17…+20 илиққача кўтарилганда кузатилади. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга оид