Жаҳон | 14:30 / 31.10.2024
2962
2 дақиқада ўқилади

UNRWA'га тақиқ: Гутерриш Нетаняҳуга ёзма норозилик билдирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Исроил бош вазирига БМТнинг Яқин Шарқ агентлигининг Исроилдаги фаластинликларга ёрдам бериш фаолиятини тақиқловчи янги қонунига норозилик билдириб, мактуб йўллади.

Фото: БМТ

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 29 октябр, сешанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) фаолиятини тақиқловчи мамлакатнинг бир кун аввал қабул қилинган янги қонунига норозилик билдирган мактуб йўллади. «Мен сизни ва Исроил ҳукуматини потенциал ҳалокатли оқибатларнинг олдини олишга ва UNRWA'га халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларига мувофиқ босиб олинган Фаластин ҳудудлари, жумладан, Шарқий Қуддусдаги фаолиятини давом эттиришига рухсат беришга чақираман», — дея AFP Гутерришнинг мактубидан парчалардан иқтибос келтирган.

Гутерришнинг таъкидлашича, «Исроил давлат сифатида» «аҳолининг эҳтиёжларини қондиришни таъминлаш» учун масъул бўлиб қолиши керак. «Агар Исроил буни уддалай олмаса, у БМТнинг ушбу мақсадлардаги фаолиятини, шу жумладан UNRWA фаолиятига рухсат беришга ва ёрдам беришга мажбурдир», деб таъкидлайди БМТ бош котиби Нетаняҳуга йўллаган мактубида.

Исроил Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдам етказиб бериш билан шуғулланувчи бу ташкилотни узоқ вақтдан бери танқид қилиб келади. Янги қонун 2023 йил 7 октябрда Ҳамаснинг Исроилга ҳужумида UNRWA'нинг бир неча ходимлари иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар туфайли ишлаб чиқилган.

Исроилда 2025 йилдан UNRWA фаолияти тақиқланди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (UNRWA) келаси йили Исроил ҳудудидаги «барча фаолиятини» тўхтатиши керак. Исроил парламенти 28 октябр куни мунозарали қонун лойиҳасини 92 та овоз билан маъқуллади, деб хабар берди AP.

Dpa аниқлик киритишича, янги қонунчилик UNRWA Фаластин ҳудудларида ўз фаолиятини давом эттира олмаслигини англатади, чунки Исроил чегара ўтиш жойларини назорат қилади.

Мавзуга оид