Ўзбекистон | 21:09 / 01.11.2024
7136
5 дақиқада ўқилади

1 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Президентнинг Навоий вилоятига ташрифи, Навоийдаги илк университет, қимматроқ сотиладиган янги Cobalt ва Тошкентда оширилган иссиқлик энергияси тарифи — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Президентнинг Навоий вилоятига ташрифи

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи давомида 12 та янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Қайд қилинишича, лойиҳаларга АҚШ, Франция, Германия, Австрия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Хитой, Япония, Корея, Туркия каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Бу ташаббуслар кимё, энергетика, тоғ-кон, электротехника, тиббиёт, қурилиш индустрияси, текстил ва тўқимачилик каби тармоқларни қамраб олган.

Шунингдек, давлат раҳбари «Янги Навоий» шаҳарчаси қурилиш майдонида бўлиб, кексалар ва зиёлилар билан суҳбатлашди.

«Бугун бу ерга Навоий вилоятидаги 8 та туман, 3 та шаҳарнинг эртанги куни қандай бўлади, деган саволга жавоб топиш учун келдик. Худога шукур, аҳолимиз 38 миллионга яқинлашаяпти. Бунинг учун халқимизга муносиб мустаҳкам замин яратиб боришимиз керак. Бундай янги шаҳарчаларни нима учун қураяпмиз? Ёшларимиз ўсиб келаяпти. Улар ўзи туғилиб ўсган жойида ишлаб, яхши яшаши учун ҳамма ҳудудларда шароит яратамиз», деди президент.

Президент 2025 йилни Навоийда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилишни таклиф этди. Бу йил доирасида “Ҳазрат Навоийни англаш – ўзлигимизни англаш” мавзусида Президент совғаси учун республика танлови ташкил этилади. Ҳар бир маҳалла, мактаб, олийгоҳлар ва меҳнат жамоаларида “Навоийхонлик кечалари” ўтказилади.

Навоий давлат университети ташкил этилди

Президент қарори билан Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университети ташкил қилинди.

Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишларини университетда давом эттиради. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига университет дипломи берилади.

Университетда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб ҳудудий ривожланиш дастурларига мувофиқ эҳтиёж юқори бўлган аниқ ва табиий фанлар, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, иқтисодиёт, бизнес ва туризм, инвестицияларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, логистика каби йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Янги Cobalt қимматроқ бўлади

Асака автомобил заводида Chevrolet Cobalt Midnight автомобили ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. UzAuto Motors янги Cobalt хусусиятлари ва нархи ҳақида маълумот берди.

Қайд қилинишича, янги модификация Cobalt моделининг ҳозирги мавжуд модификациялари билан биргаликда ишлаб чиқарилади.

Биринчи босқичда янги модификация ташқи кўринишини яхшиловчи деталлари билан ажралиб туради, уларга қорамтир тусдаги ёритиш тизими ва ғилдирак дисклар киради. Кейинги босқичларда эса интериер қисми бўйича қўшимча ўзгартиришлар киритилади.

Cobalt автомобилининг янги модификацияси ҳозирги мавжуд модификациядан 7,3 миллион сўмга фарқ қилади. Шу билан бирга, мавжуд модификациянинг ишлаб чиқарилиши ва сотуви давом этади, унинг нархи — 147,9 млн сўм ўзгаришсиз қолади.

Хабарда сотувлар қачон бошланиши ҳақида маълумот берилмаган.

Тошкентда иссиқлик энергияси тарифи оширилди

Гарчи ҳали тураржойларга иссиқлик берилмаган бўлса-да, 31 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги марказлашган иссиқлик тизими хизматлари учун нархлар 15 фоизга ошди. Пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов бу борадаги қарорни имзолаган.

Бу марказлашган иссиқлик таъминоти учун тарифларнинг йил мобайнида иккинчи бор оширилишидир. Эндиликда аҳоли 1 Гкал учун 121 617 сўм, бошқа улгуржи ташкилотлар эса 244 497 сўм тўлайди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг шу йил 12 сентябрдаги қарори инобатга олинган ҳолда «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ хорижий корхонаси томонидан кўрсатиладиган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари учун янги нархлар тасдиқланди.

Таъкидланишича, ушбу нархлар таннархдан пасайтирилган бўлиб, юзага келадиган зарарлар ва инвестицион харажатларга асослантирилган ҳисоб-китобларга мувофиқ, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан ҳар ойда субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилади.

Бунда субсидия маблағлари «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХК ва Тошкент шаҳар Давлат-хусусий шериклик бўлими томонидан тақдим қилинадиган ҳисоб-китобларга кўра ўзгармас, ўзгарувчан харажатлар ҳамда инвестицион харажатларга бўлинган ҳолда молиялаштириб берилади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт иссиқлик таъминоти учун нархлар 2024 йилнинг 2 апрелида ҳам 15 фоизга оширилганди.

Мавзуга оид