Жаҳон | 17:48 / 01.11.2024
6317
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди

Бу сил касаллиги бўлиб чиқди, ундан ўлимлар сони коронавирусдан ҳам ошиб кетган.

Фото: WHO

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари дунёдаги энг ҳалокатли юқумли касаллик номини маълум қилди. Бу сил касаллиги бўлиб чиқди, ундан ўлимлар сони коронавирусдан ҳам ошиб кетган.

Ҳисобот муаллифлари 2023 йил учун 193 мамлакат маълумотларини таҳлил қилди. Натижалар шуни кўрсатдики, 1,25 миллион киши сил касаллигидан, 320 минг киши эса коронавирусдан вафот этган.

2023 йилда 10,8 миллион киши сил касаллигига чалинган, бу бир йил аввалгидан (10,7 миллион) сал кўпдир. Барча инфекцияларнинг 56 фоизи бешта мамлакатда содир бўлган: Ҳиндистон, Индонезия, Хитой, Филиппин ва Покистон.

Сил касаллиги Mycobacterium tuberculosis патоген бактериясидан келиб чиқади. 85 фоиз ҳолатда уни даволаш мумкин. Аммо даволанишсиз инфекциянинг 50 фоизигача ўлимга олиб келиши мумкин.

Мутахассислар 2030 йилгача сил касаллиги глобал эпидемиясини тугатиш учун шошилинч чоралар кўриш керак, деб ҳисобламоқда.

Ҳисоботда, шунингдек, дунёда сил касаллигидан ўлимлар сони аста-секин камайиб бораётгани қайд этилган. Энди у пандемиядан олдинги даражадан пастга тушди (2019 йилда 1,39 миллион ўлим).

Таъкидланишича, ҳозир силга қарши олтита янги вакцинанинг 3-босқич клиник синовлари давом этмоқда. ЖССТ веб-сайтининг хабар беришича, янги даволаш усули 5 йил ичида жорий қилиниши мумкин.

Мавзуга оид