Жаҳон | 02:02 / 01.11.2024
5418
2 дақиқада ўқилади

КХДР қитъалараро баллистик ракета синовини ўтказди

Ракета Пхенян ҳудудидан Япон денгизи томон учирилган ва у 87 дақиқа парвоз қилиб, Хоккайдо оролидан 200 километр узоқликка бориб тушган.

Фото: Yonhap

КХДР қитъалараро баллистик ракета синовини амалга оширди, деб хабар беради Корея Марказий телеграф агентлиги.

Жанубий Корея ҳарбийларининг маълум қилишича, ракета 31 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 07:10 да Пхенян ҳудудидан Япон денгизи томон учирилган. Ракета 87 дақиқа парвоз қилиб, Хоккайдо оролидан 200 километр узоқликка бориб тушган.

Таъкидланишича, КХДР энг узоқ давом этган баллистик ракета синовини амалга оширган. Япония ҳукуматига кўра, ракета 7 минг метр баландликка қадар кўтарилган, парвоз узоқлиги эса 1000 километрни ташкил этган. Корея Марказий телеграф агентлиги баёнотида айтилишича, синов парвози «стратегик ракеталар кучи рекордини янгилаган».

КХДР етакчиси Ким Чен Ин ракетанинг учирилишини — «республика хавфсизлигига таҳдид солган душманларга қатъий жавоб қайтарилишини билдирадиган адолатли ва мутлақо легитим ҳарбий чора» деб атади.

Баллистик ракеталар учирилишини Жанубий Корея, Япония ва АҚШ қоралади.

Шимолий Корея ракета синовини АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин ва унинг Жанубий кореялик ҳамкасби Ким Ен Хен КХДРни ўз аскарларини Россияга юборганини қоралаганидан бир неча соат ўтиб амалга оширди. Жанубий Корея ва АҚШ маълумотларига кўра, Пхенян Россияга 11 минг аскарини жўнатган, уларнинг 3 минг нафари ҳозирда фронт чизиғи яқинига жойлаштирилган.

Шимолий Корея охирги маротаба қитъалараро баллистик ракеталар синовини 2023 йил 18 декабрда ўтказган эди.

Мавзуга оид