Жаҳон | 19:38 / 01.11.2024
11672
14 дақиқада ўқилади

Украинани қўллаш ёки сотқинлик — АҚШдаги сайловлардан нима кутиш мумкин?

Украинанинг НАТОга аъзолиги, ғарб қуролларини етказиб бериш давом этиши ҳамда Киевнинг Москва билан бўлғуси тинчлик музокаралари шартлари Американинг кейинги президентига ҳам боғлиқ бўлади. Киевдагилар Доналд Трампнинг иккинчи муддатидан кўра, Камала Ҳарриснинг ғалабасини анча катта энтузиазм билан қарши олиши борасида кузатувчиларнинг фикри якдил. Аммо барчаси шу қадар осонми? BBC шарҳловчиси Григор Атанесян шу мавзуни таҳлил қилди.

Ҳаррисга мураккаб қарорлар мерос бўлиб қолмоқда

Ташқи сиёсат Жо Байден сенатор, вице-президент ва ниҳоят АҚШ президенти лавозимларида ишлаган ярим асрнинг катта қисми мобайнидаги экспертиза соҳаси эди. У Голда Меир, Маргарет Тэтчер, Алексей Косигин (1964–1980 йилларда СССР бош вазири), Муаммар Қаззофий, Михаил Саакашвили ва Виктор Юшченко каби сиёсатчилар билан музокаралар олиб борган.

Камала Ҳаррис эса карьерасини Калифорния прокурори сифатида бошлаган ва Вашингтонга фақат 2017 йилда, АҚШ Сенатига сайланганида келган. Бу ерда у асосан ички сиёсат билан шуғулланган.

У Байден маъмуриятида вице-президентлик лавозимини эгаллаганидан кейингина дипломатия ҳам ваколатида бўлган, унга АҚШга оммавий миграцияни тўхтатиш мақсадида Марказий Америка раҳбарлари билан музокаралар ўтказиш топширилганди. Бу миссия муваффақиятли бўлмади: Байден президентлиги даврида камида 8 млн киши АҚШнинг жанубий чегараларини ноқонуний кесиб ўтган — бу Трампнинг тўрт йиллигидагидан уч баробар кўп.

2022 йилда Россия Украинага кенг кўламли босқин бошлаганида Ҳаррис вазифаларига Киевни қўллаб-қувватлаш ҳам қўшилди. У президент Володимир Зеленский билан шу вақтгача етти бор учрашди, НАТО бўйича иттифоқчилар билан музокараларда қатнашди ҳамда хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида АҚШ номидан вакиллик қилди.

Ҳаррис сайловда ғалаба қозонган тақдирда Украинани қўллаб-қувватлаш борасида Байден танлаган йўналишни давом эттириши, ҳарбий ёрдам юбориши, Кремл билан Киев иштирокисиз музокаралардан бош тортиши ҳамда Зеленскийнинг унинг мамлакати ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга қандай шартлар асосида рози бўлиш ҳуқуқини ҳурмат қилишини айтган.

Унинг сўзлари Украина учун умидбахш кўринади, аммо бир нюанс бор.

5 ноябр куни америкаликлар нафақат президентни, балки Конгресснинг икки палатаси аъзоларини ҳам сайлайди.

2022 йилда Конгресс Зеленскийни олқишлар билан қарши олганди, аммо республикачиларнинг унга муносабати совуқлашган

Ҳозирда Конгресснинг қуйи палатасида республикачилар кўпчиликни ташкил қилади, демократлар эса — Сенатда кўпроқ; аммо ижтимоий сўровлар рокировка бўлишини, юқори палата республикачиларники, қуйи палата — демократларники бўлишини кўрсатмоқда.

Республикачилар Сенат устидан назорат ўрнатадиган тақдирда турли сценарийларни кутиш мумкин. Республикачиларнинг вице-президентликка номзоди Жей Ди Вэнс, сенаторлар Том Коттон ва Жош Ҳоули каби ўнг популистлар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилишига қарши чиқишади. Аммо уларнинг партиясидаги эски гвардия Путин Россиясига қарши туришдан АҚШ стратегик манфаатдор деб билишади.

Улар ҳам, булар ҳам, ўз қарашларидан қатъи назар, агар Трамп Оқ уй ташаббусларини блокировка қилишга чақирса, унга қулоқ солади. 2023-2024 йилларда шундай бўлганди, ўшанда собиқ президент ташаббуси билан Конгресснинг қуйи палатасида кўпчиликни ташкил этувчи республикачилар саккиз ой давомида Киевга маблағ ажратишни блокировка қилганди — бу Украинанинг ўзи билан эмас, балки миграция инқирози атрофидаги баҳс билан боғлиқ эди.

Аммо Ҳаррис президентликка сайланиб, Конгресснинг иккала палатаси қўлловида Байден тутган линияни давом эттирадиган, Украина учун оптимистик бўлган сценарийда ҳам урушаётган мамлакат оғир ҳолатда қолаверади.

Америка ва Европада «цинизм ва чарчоқлик юзага келган, Украинанинг энг ашаддий тарафдорлари ҳам Ғарбнинг Киевни урушда қўллаб-қувватлаш имкониятлари тугай бошлаганини тан олишмоқда», деб ёзади Washington Post шарҳловчиси Ишаан Тарур.

Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) сайтидаги «Украинага яқинлашаётган хиёнат» сарлавҳали мақолада АҚШ ёрдами доимо жуда кеч келиши ва борган сари камайиши ҳақида айтилади. Унда британиялик собиқ дипломат Тим Уилласи-Уилси Байден бир қўли билан Украинага ёрдам бериши, бошқаси билан — можаро ядровий тус олишига йўл қўймасликка уриниб, эҳтиёткорлик қилишини эслайди.

«Натижада Украина ютқазмаслик учун етарлича, аммо ғалаба қозониш учун етарли бўлмаган ёрдам олмоқда», — дея ёзади эксперт. Бу, афтидан, Ҳаррис даврида ҳам давом этади, дея ёзади Вашингтондаги Brookings Institution либерал тадқиқот маркази таҳлили муаллифлари.

Қўшма Штатлар янада радикал чораларни маъқуллашни истамаслиги туфайли сўнгги ойларда Украинанинг энг яқин дўстлари ҳам мамлакат қуролли кучларининг 1991 йилги чегараларга чиқиш имкониятларига ишонмай қўйган.

«Урушнинг энг эҳтимолий якуни Украинанинг бир қисми вақтинча Россия оккупацияси остида қолдирилиши бўлади», — деганди Чехия президенти Петр Павел сентябрда.

Трамп Украина қуролли кучлари учун «Жавелин» комплексларини етказиб беришни маъқуллаганди

Financial Times газетасининг Ҳаррисга яқин манбалари у зудлик билан Украина манфаатлари зарарига бўладиган сулҳга интилмаслиги, шу билан бирга, урушни якунлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини айтишган.

Зеленскийнинг режаси Украина НАТОга таклиф этилиши ва кейин ташкилотга аъзо бўлишини назарда тутади, аммо Ҳаррис ҳозирча бу борада аниқ гап айтмаган. CBS учун интервюда у бу масала билан «навбати келганида шуғулланиши»ни билдирган.

Вашингтондагилар Трампнинг режаларини тахмин қилади

Доналд Трампнинг либерал мухолифлари унинг ташқи сиёсатини Владимир Путин каби авторитар раҳбарлар ёки Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва венгрлар бош вазири Виктор Орбандан тортиб Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғангача бўлган демократик раҳбарларнинг антилиберал раҳбарларига симпатияга йўғрилган, олдиндан айтиб бўлмайдиган импровизация сифатида таърифлайди.

Аммо Трамп ташқи сиёсатига нейтрал нуқтайи назардан қаралганда, унда Хитой билан қарама-қаршиликдаги курс ва урушлар ҳамда можароларга арши туриш каби қатор аниқ принциплар ҳам кўзга ташланади.

Оқ уйдаги тўрт йил ва собиқ президент мақомидаги яна шунча вақт давомида у хоҳ АҚШ иштирокидаги бўлсин, хоҳ бошқа давлатлар иштирокидаги ҳар қандай ҳарбий можароларга муттасил қарши чиққан. Масалан, сўзсиз Исроил тараф эканига қарамай, собиқ президент Ғазодаги урушни якунлаш зарурлигини таъкидлаб келади.

«У урушларни унчалик хушламайди», — дея қайд этади New York Times газетасининг Оқ уйдаги мухбири Питер Бэйкер.

Трамп Украинадаги урушни ҳам имкон қадар тез фурсатда якунлаш лозим деб ҳисоблайди. У президентликка сайланадиган бўлса, 24 соат ичида сулҳ бўйича келишувга эришиши ва бу 2025 йил январидаги инаугурация маросимидан аввалроқ рўй беришини айтади.

Муаммо шундаки, Трамп буни қандай амалга оширишни ўйлаётганини айтмайди.

«Менда Украина ва Россияни тўхтатиш бўйича жуда аниқ режа бор. Ва менда Хитой билан муносабатлар борасида режа эмас, ғоя бор, — деганди Трамп сентябрда. — Аммо мен бу режаларни ошкор этолмайман, чунки мен буни очиқласам, уларни амалга ошира олмайман. Улар муваффақият қозонмайди. Кутилмаганлик — [муваффақиятнинг] бир қисмидир».

Изоляционистлар эски мактабга қарши

Ноаниқлик шароитида тарафдорлари ва мухолифлари Трампнинг режаларини ўзларича талқин қилмоқда.

«У айтади: "Ҳа мен буларнинг барини биринчи куниёқ якунлайман". Аммо биласизми, бу аслида нимани англатади? Гап капитуляция ҳақида бормоқда», — деган Камала Ҳаррис.

Бундай баҳо қисман Америка нашрларининг Трампнинг режаси амалда Украинани ўз ҳудудлари — биринчи навбатда, Қрим ва Донбасcни топширишни назарда тутиши ҳақидаги хабарлари билан изоҳланади. Бундай материалларда собиқ президентнинг ўзи ёки унинг маслаҳатчилари билан шу мавзуда гаплашган одамларнинг сўзлари келтирилади.

Аммо Трампнинг атрофидаги турли шахсларнинг позициялари тубдан фарқланади ва кўпроқ уларнинг шахсий қарашларини акс эттиради. Вице-президентликка номзод Жей Ди Вэнс — Украинага ёрдам кўрсатишга қаршиларнинг энг ашаддий намояндаларидан бири. У можарони мавжуд тўқнашув чизиғи бўйича музлатиш ҳамда қурол етказиб беришни тўхтатиш тарафдори. У Зеленскийнинг Украинани 1991 йилги чегараларда тиклаш мақсадини фантастика деб атаган. Бу каби фикрлар Трампнинг бошқа тарафдорлари томонидан ҳам билдирилган, уларнинг қарашлари изоляционистик деб қабул қилинади.

Аммо собиқ президент даврасида интернационал қанот ҳам мавжуд бўлиб, унинг вакиллари Путин Россиясига қарши туришни АҚШ ташқи сиёсатидаги муҳим принцип деб билишади. МРБ собиқ директори ва Трамп маъмуриятида давлат департаменти раҳбари бўлган Майк Помпео «Трампнинг Украина учун тинчлик режаси» деб номланган мақоласида республикачи номзод сайловларда ғалаба қозонгудек бўлса, Москвага қарши санкциялар кучайтирилиши ҳамда Украина НАТОга қабул қилинишини ваъда қилади.

Трамп ғолиб чиққан тақдирда бу гуруҳлардан қайси бирига қулоқ тутиши номаълум.

Майк Помпео ва Борис Жонсон Трамп Украинани сотмаслигига амин

Аммо Трамп Путин ва Зеленский билан параллел музокаралар олиб боришини таъъкидламоқда. Бу эса келгусидаги сулҳ шартларини ҳал қилиш Киевнинг суверен ҳуқуқи деб ҳисоблайдиган Жо Байден маъмурияти сиёсатига зид келади.

Агар Трамп сайловларда ғалаба қозониб, Зеленский ва Путинга келишув таклиф этса, Зеленский эса буни рад этса, нима бўлади? 

Республикачилар партиясининг популистик қанотидаги фигуралар бу ҳолатда Оқ уй Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишни бас қилишини айтишади.

Бунга ўтмишдан мисол тариқасида 2019 йил Зеленский Трампнинг Байденга қарши тергов бошлашдан бош тортишига жавобан АҚШ Украинага «Javelin» танкка қарши ракета комплекслари етказиб беришни блокировка қилганини келтириш мумкин. Кейинчалик Конгресснинг демократлар назоратида бўлган қуйи палатаси шу иш асосида Трампга қарши импичмент эълон қилганди.

Трампнинг НАТОга скептик муносабати ҳам Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилишига тўсқинлик қилиши мумкин. Собиқ президент алянс аъзолари ўз мудофаа харажатларини ошириш ўрнига Америка ҳимоясига таяниб қолганини рўкач қилиб келади. Ва агар унинг иттифоқчиларга талаблари Европадагиларда норозилик уйғотган бўлса, Россия Украинага бостириб кирганидан кейин барчаси ўзгарган. Бу йил алянснинг 23 аъзоси ўз ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини мудофаа учун ажратишни ваъда қилган; 2022 йилда фақат тўққиз мамлакат, 2014 йилда эса — атиги учтаси бу нормани бажарганди.

Трамп иккинчи муддатга сайланган тақдирда, Оқ уйнинг Кремл билан муносабатлари қандай ривожланишини олдиндан айтиб бўлмайди. Демократлар риторикасига кўра, республикачилар етакчиси — Путиннинг мухлиси ва бир кам ФХХ агенти. Трампнинг ўзи ҳам Путин билан муносабатлари ажойиб бўлганини айтади.

Сўнгги вақтларда Трамп Венгрия бош вазири Виктор Орбан буни тасдиқлаши мумкинлигини келтириб, Россия ундан қўрққанини айтишни хуш кўради. У ўз бошқаруви даврида ҳам Путин Украинага бостириб кўриш ҳақида ўйлагани, аммо у россияликлар раҳбарини бундан қайтарганини таъкидлайди. Яқиндаги интервюсида эса у Путинга Москвага зарба бериш билан таҳдид қилгани ҳақида гапирди (Кремлдагилар унинг бу баёнотига изоҳ беришдан бош тортган).

Трамп Путин билан муносабатлари аъло даражада эканини айтади, аммо россияликлар раҳбари у билан келишмовчиликларни эслайди

Аммо Трампнинг биринчи маъмурияти ва Кремл муносабатларининг реал тарихи либералнинг кинояларидан ҳам, собиқ президент ўзи айтаётган жасоратдан ҳам мураккаброқ. Унинг бошқаруви йилларида янги санкциялар қўлланган, россиялик 60 нафар дипломат АҚШдан чиқариб юборилган, Россиянинг Сиэтлдаги бош консуллиги ёпилган.

Ўша йилларда Вашингтон қуроллар устидан назорат тўғрисидаги келишувлардан — Роналд Рейган ва Михаил Горбачев томонидан тузилган Ўрта ва қисқа масофали ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги иккитомонлама шартнома ҳамда Очиқ осмон бўйича кўптомонлама битимдан чиққан. Эътиборли жиҳати, Россия уни АҚШ ортидан тарк этади.

2017 йил айнан Трамп Американинг «Javelin» танкка қарши ракета комплексларини Украинага етказиб беришга қўйилган эмбаргони бекор қилганди.

Буларнинг барчаси Путинни ўша вақтларни носталгиясиз эслашига олиб келади: «Жаноб Трампга келсак, унинг президентлиги даврида Россия билан муносабатларда жуда кўп сонли санкциялар ва чекловлар киритилганди».

Ва Украина мавзусидан ташқари ҳам Трамп маъмуриятининг Кремл билан муносабатлари яхши эмасди. Венесуэла ва Кубага қарши санкциялар, Эрон билан ядровий келишувдан чиқиш, эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши, Исроилдаги элчихона Қуддусга кўчирилиши ва Жўлан тепаликлари устидан Исроил суверенитети тан олиниши — бу қадамларнинг барчаси Москва томонидан танқидга учраган.

Буларнинг барчаси ҳарбий эксперт ва Австралия армиясининг истеъфодаги генерали Мик Райанга агар Трампнинг эҳтимолий иккинчи муддатида Путин билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолса, америкаликлар президенти Россияга қарши бориши ва Украинани қўллаб-қувватлашни кўпайтириши мумкин, деб тахмин қилишига асос беради.

Мавзуга оид