Жаҳон | 10:10 / 02.11.2024
2252
2 дақиқада ўқилади

Испанияда тошқин қурбонлари сони 200 кишидан ошди

Испаниядаги ҳалокатли сув тошқинлари минглаб одамларни электр энергияси, ичимлик суви ва озиқ-овқатдан маҳрум қилди. Бир кун олдин камида 150 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Фото: AFP

Испанияда ҳалокатли сув тошқини қурбонлари сони камида 205 кишига етди. 1 ноябр, жума куни қутқарув хизматларининг маълум қилишича, кўпчилик бедарак йўқолган, қурбонлар сони ортиб боришда давом этиши мумкин.

Испанияда 30 октябрга ўтар кечаси кузатилган кучли ёмғирдан кейин мамлакат шарқидаги кўплаб ҳудудлар сув остида қолмоқда. Айниқса, Ўрта Ер денгизи бўйидаги Валенсия минтақаси қаттиқ жабр кўрди, у ерда қутқарувчилар 202 кишининг жасадини топди. Кастило-Ла-Манча ва Андалусияда яна бир неча киши ҳалок бўлди.

Бир кун олдин расмийлар камида 158 қурбон ҳақида хабар беришди. Табиий офатдан уч кун ўтгани сабабли, тирик қолганларни топиш имконияти тобора камайиб бормоқда.

Берлин ва Брюссел тошқиндан кейин Испанияга ёрдам таклиф қилди

Европа Иттифоқи Испания қутқарув хизматларига ёрдам бериш учун ўзининг Copernicus сунъий йўлдош тизимидан фойдаланмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўзининг Х ижтимоий тармоқдаги аккаунтида маълум қилди.

Берлин сув тошқинлари пайтида Испанияга ёрдам таклиф қилди. Германия канцлери Олаф Шолц Берлин Мадрид билан «эҳтимолий ёрдам ҳақида мулоқотда» эканлигини айтди. Германия ички ишлар вазири Ненси Фезер, ўз навбатида, сув тошқинларини «даҳшатли табиий офат» деб атади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид