Жаҳон | 08:30 / 02.11.2024
5977
3 дақиқада ўқилади

NYT: Украинада 6-12 ой жанг қилиш учун етарлича аскар бор

6-12 ойлик жанглардан сўнг Киев кескин кадрлар тақчиллигига дуч келади, дея хабар беради NYT Пентагон ҳисоб-китоблари билан таниш бўлган расмийга таяниб.

Фото: AP

Украина Қуролли кучлари (УҚК)да жангларни яна 6-12 ой давом эттириш учун етарлича аскар бор, шундан сўнг Киев кескин кадрлар етишмаслигига дуч келади. Бу ҳақда 1 ноябр, жума куни Пентагон баҳолари билан таниш бўлган расмийлардан бирига таяниб, The New York Times (NYT) хабар берди.

АҚШ мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Киев Россия Федерациясининг Курск областидаги ҳужумни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор янги ташкил этилган бригадаларни юборган — улардан дастлаб Украинанинг шарқий ва жанубий чегараларини ҳимоя қилиш ёки захираларни яратиш учун ишлатиш режалаштирилганди. Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг қайд этишича, Киев янги аскарларни жалб этиш, шунингдек, уларни тайёрлаш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда.

Ёзда америкалик таҳлилчилар Россия яқин ойларда Украинада сезиларли муваффақиятга эриша олмайди, деб ҳисоблашган эди. Бу тахминлар нотўғри бўлиб чиқди, деб ёзади газета. Россия армияси ўзгарди ва энди олдинга интилмоқда, дейди АҚШнинг юқори мартабали ҳарбий амалдори. АҚШнинг айрим разведка агентликлари ва Пентагон расмийлари Украинанинг Россия ҳужумини тўхтата олишига умидсизлик билан қарашмоқда, дея қўшимча қилади нашр.

АҚШ: КХДРнинг 8 мингга яқин аскари Украинада жанг қилишга тайёр

Шимолий Кореядан 8000 га яқин аскар аллақачон Россия-Украина чегарасига етиб келган ва «яқин кунларда» жанговар ҳаракатларда қатнашишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда 31 октябр куни АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен маълум қилди. Унинг сўзларини AP агентлиги келтирмоқда.

Блинкеннинг айтишича, Россия ҳарбийлари шимолий кореялик ҳамкасбларини артиллерия қуроллари ва учувчисиз учоқлардан фойдаланишга ўргатмоқда, шунингдек, бу «кучларни фронт чизиғидаги операцияларда тўлиқ қўллаш ниятида эканликларини кўрсатмоқда». Аввалроқ Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх Шимолий Корея қўшинлари «яқин ҳафталарда Украина яқинидаги Россия қўшинларини кучайтириши»ни айтган эди.

Мавзуга оид