Ўзбекистон | 22:09 / 04.11.2024
4539
6 дақиқада ўқилади

4 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Жаҳон савдо ташкилоти йўлида Ўзбекистонни қўллаган АҚШ, Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар, реконструкция қилинадиган Чорсу майдони — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

АҚШ Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади

АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади. Президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, ташкилотга аъзо бўлиш бўйича АҚШ билан 14 ой давом этган икки томонлама музокаралар якунланган.

«Жудаям самарали ҳафта бўлди, АҚШ билан Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича икки томонлама музокараларни якунладик. 14 ой давом этган фаол музокаралар мантиқий манзилига етди», деб ёзди Урунов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Аввалроқ, Ўзбекистон 18 та давлат билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлагани хабар қилинганди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни 2005 йилда тўхтаб қолган, 2020 йил июл ойига келиб жараён ишчи гуруҳнинг 4-учрашуви билан расман қайта бошланган эди.

Май ойидаги сўнгги йиғилишда Ўзбекистон илк бор ташкилотга аъзо бўлиш муддати борасидаги мақсадини эълон қилди. 2026 йил Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йил Камерунда бўлиб ўтадиган вазирлар конференциясига қадар ушбу ташкилотга аъзо бўлиб киришни режалаштирмоқда.

Чорсу майдони реконструкция қилинади

2 ноябр куни Тошкент шаҳрида Чорсу майдонини реконструкция қилиш бўйича охирги лойиҳа тақдим этилди. Чорсунинг янги қиёфаси немисларнинг Tchoban Voss Architekten томонидан ишлаб чиқилган.

Янги майдонда қурилиш ишлари 2025 йилда бошланиб, 2029 йилда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Лойиҳа қиймати 170 миллион АҚШ долларидан ошади ва бу жойда 620 та янги иш ўрни яратилади.

Реконструкция ишлари доирасида 1982 йилда архитектор Владимир Спивак томонидан қурилган ва ҳозирда техник ҳолати ёмонлашган «Чорсу» меҳмонхонаси ҳам бузилади. Меҳмонхона 2020 йилда e-auksion орқали БААдаги Ittihad International Investment LLC компаниясига сотилган.

Меҳмонхона биносида 2024 йилнинг октябр ойида ўтказилган техник экспертиза натижаларига кўра, ёғингарчилик ва атроф-муҳит таъсири туфайли меҳмонхона биносининг темир-бетон конструкциялари жиддий деформацияга учраб, қисман барбод бўлган. Экспертиза хулосасига кўра, бино реконструкция қилиниши мумкин эмас.

Зараркунанда чигирткалар

Ўзбекистонда 55 минг гектар майдонга зараркунанда чигиртка тухум қўйгани аниқланди

Ҳар йили зараркунанда мавжудотлар туфайли ҳосилнинг 35 фоизгача қисми нобуд бўлади. Шу сабабли куз мавсумида экин майдонлари, боғ ва токзорларда кузги «қазув» ишлари ўтказилади.

Ўзбекистонда 278 минг 806 гектар майдонда мониторинг олиб борилиб, 55 минг гектардан ортиқ майдонда зараркунанда чигиртка тухум қўйгани аниқланди. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумот берди.

Таъкидланишича, кузги мониторинг натижалари асосида 2025 йил учун зарарли чигирткалар тарқалиши мумкин бўлган ҳудудлар аниқланиб, зарур бўлган кимёвий воситалар ва ёқилғи-мойлаш материаллари захираси шакллантирилади.

2025 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунандалари, касалликлар ва бегона ўтлар кенг майдонларга тарқалиб кетишининг олдини олиш ва қишловчи авлодларни камайтириш мақсадида дала четлари, ариқ-зовур атрофларини қуриган ўсимлик қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозалаш ишлари белгиланган тартибда ўтказилади.

Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар

Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони 2024 йилга келиб 2018 йилга нисбатан тўрт баробарга ошган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023/2024 ўқув йили бошига Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида 10 845 нафар хорижлик талабалар таҳсил олмоқда.

Ўзбекистонда ўқиётган хорижлик талабаларнинг ярмидан кўпи Ҳиндистондан — 5733 нафар.

Шунингдек, Покистондан 1358 нафар, Туркманистондан 904 нафар, Россиядан 750 нафар, Қозоғистондан 537 нафар, Тожикистондан 285 нафар, Қирғизистондан 285 нафар, Афғонистондан 196 нафар, Хитойдан 182 нафар, Жанубий Кореядан 176 нафар, Канададан 124 нафар ва бошқа давлатлардан 315 нафар талаба ўқимоқда.

Наманганда яна ўқувчи авария содир этди

Наманган шаҳрида яна мактаб ўқувчиси ижарага машина олиб миниб, ЙТҲ содир этди. 9-синф ўқувчиси бошқарувни йўқотган ва машина йўл четидаги йўл белгисига урилиб, тескари ўгирилиб қолган.

Ҳодиса 2024 йил 2 ноябр куни соат 10:00 ларда содир бўлган. Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги хусусий мактаблардан бирининг 9-синф ўқувчиси Gentra машинасини ижарага олиб, катта тезликда бошқарган.

Оқибатда машина бошқарувни йўқотиб айланиб кетган ва йўл четига ўрнатилган йўл белгисига бориб урилган.

Дастлаб ўқувчи машина акасига тегишли эканини айтган. Бироқ суриштирувлар давомида машина бошқа шахсга тегишлилиги, уни икки соатга 150 минг сўмга ижарага олгани аниқланган.

Машинада ўқувчи синфдоши билан бўлган. Ҳодисада бахтли тасодиф туфайли ҳеч ким жароҳатланмаган ва ҳалок бўлмаган.

Аввалроқ, 2 октябр куни Наманганда 5 нафар ўқувчи Gentra машинасини ижарага олиб бошқараётиб, ЙТҲ содир этганди. Ўшанда уларнинг бир нафари воқеа жойида, яна икки нафари шифохонада вафот этган эди.

Мавзуга оид