Ўзбекистон | 18:10 / 04.11.2024
4752
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда тоғ эчкисини овлаган браконер ушланди

Табиатга етказилган зарар 17 млн сўмга баҳоланган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилган.

Фото: Тошкент вилояти Экология бошқармаси

Бўстонлиқ туманида тоғ эчкисини овлаган шахс ушланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят Экология бошқармаси инспекторлари томонидан Бўстонлиқ тумани Бурчмулло давлат Ўрмон хўжалиги Пском бўлими Қоронғи Тўқай ҳудудида рейд тадбири ўтказилган.

Тадбир давомида 1989 йилда Бўстонлиқ туманида туғилган фуқаро Т.Б. ҳеч қандай рухсатномасиз ўзига тегишли бўлган ов қуроли ёрдамида 1 бош тоғ эчкисини овлаганлиги аниқланган. У бу қилмиши орқали табиатга 16 млн 875 минг сўм миқдорида зарар етказган.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 3-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Тегишли ҳужжатлар судга юборилган. Ов қуроли эса сақлаш учун Бўстонлиқ тумани ИИБга топширилган.

Олдинроқ Қорақалпоғистонда Бухоро буғусини ноқонуний овлаган браконер 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Мавзуга оид