Жаҳон | 11:10 / 04.11.2024
3431
3 дақиқада ўқилади

CNN: АҚШ сайловлари Путинни Киев билан мулоқотга ундамайди

Байденни Оқ уйда Трамп ёки Ҳаррис алмаштирадими, Путин «Ғарб бирлигидаги ёриқлар»дан фойдаланишга ҳаракат қилади, дейди CNN билан суҳбатлашган таҳлилчилар.

Фото: Alex Wong/Getty Images

АҚШ президентлик сайловлари натижалари Россия президенти Владимир Путиннинг Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақидаги позициясига таъсир қилмайди. Бу ҳақда Американинг CNN телеканалига Россия ташқи сиёсати бўйича эксперт ва Ташқи алоқалар кенгаши ходими Томас Грем маълум қилди. CNN 3 ноябр, якшанба куни суҳбатдан парчаларни тақдим этди. Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, Кремлда «Украинада нима қилаётганини қайта кўриб чиқиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ».

«[Трамп] нима қила олади деб ўйлаётгани ва у қанчалик таъсирга эга эканлиги ҳозирча номаълум – ва бу (Украина бўйича музокаралар) тез жараён деб ўйламайман», деб тушунтирди Грем. 2017 йил январидан 2021 йил январигача Оқ уй раҳбари лавозимида ишлаган Доналд Трамп яна Республикачилар партиясидан президентликка даъвогарлик қилмоқда.

АҚШда ким давлат раҳбари бўлишидан қатъи назар, Кремл Қўшма Штатлар сиёсий тизимининг дисфункцияси, шунингдек, «Ғарб бирлигидаги ёриқлар» сифатида кўриладиган нарсалардан фойдаланишга ҳаракат қилади, деб таъкидлади эксперт.

NYT: Украинада 6-12 ой жанг қилиш учун етарлича аскар бор

Украина Қуролли кучлари (УҚК)да жангларни яна 6-12 ой давом эттириш учун етарлича аскар бор, шундан сўнг Киев кескин кадрлар етишмаслигига дуч келади. Бу ҳақда 1 ноябр куни Пентагон баҳолари билан таниш бўлган расмийлардан бирига таяниб, The New York Times (NYT) хабар берди.

АҚШ мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Киев Россия Федерациясининг Курск областидаги ҳужумни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор янги ташкил этилган бригадаларни юборган — улардан дастлаб Украинанинг шарқий ва жанубий чегараларини ҳимоя қилиш ёки захираларни яратиш учун ишлатиш режалаштирилганди. Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг қайд этишича, Киев янги аскарларни жалб этиш, шунингдек, уларни тайёрлаш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда.

Ёзда америкалик таҳлилчилар Россия яқин ойларда Украинада сезиларли муваффақиятга эриша олмайди, деб ҳисоблашган эди. Бу тахминлар нотўғри бўлиб чиқди, деб ёзади газета. Россия армияси ўзгарди ва энди олдинга интилмоқда, дейди АҚШнинг юқори мартабали ҳарбий амалдори. АҚШнинг айрим разведка агентликлари ва Пентагон расмийлари Украинанинг Россия ҳужумини тўхтата олишига умидсизлик билан қарашмоқда, дея қўшимча қилади нашр.

Мавзуга оид