Жаҳон | 16:14 / 04.11.2024
11320
7 дақиқада ўқилади

Камала Ҳарриснинг президентлигидан нима кутиш мумкин? Трампникидан-чи?

АҚШ президентлигига номзодларнинг сиёсати ҳақидаги асосий саволларга қисқача жавоблар.

АҚШдаги сайлов бюллетени. Scott Olson / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA

5 ноябр куни АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари (шунингдек, Конгрессга, айрим штатларда — губернаторлик ва қонунчилик органлари учун сайловлар ўтказилади). Давлат раҳбари лавозими учун Демократик партиядан вице-президент Камала Ҳаррис, Республикачилар партиясидан — собиқ президент Доналд Трамп ўз номзодини қўйган. Аксарият масалаларда номзодларнинг позициялари бир-биридан фарқланади. Политолог ва Америка сиёсати тўғрисидаги One Big Union телеграм-канали муаллифи Ян Веселов «Медуза» сўровига кўра ғалаба қозонган тақдирда бу номзодларнинг ҳар биридан асосий соҳаларда нима кутиш мумкинлиги ҳақида гапириб берган.

Иқтисодиёт

Камала Ҳаррис истеъмол товарлари нархини кескин оширишни тақиқловчи қонун қабул қилиш, уй-жой қурилиши суръатини ошириш, корпорациялар ва бой америкаликлар учун солиқларни ошириш ҳисобига ўрта ва паст даромадли оилалар учун солиқ имтиёзларини кенгайтиришни ваъда қилмоқда. Доналд Трамп эса армия харажатларини ошириш, солиқларни кенг миқёсда қисқартириш ва барча импорт товарларига савдо божларини ошириш орқали бюджетни тўлдиришни режалаштирган.

Давлат қарзи

У икки номзод даврида ҳам ўсади. Ҳозирда АҚШ миллий қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 99 фоизини ташкил этади ва бюджет даромадлари ҳамда харажатларининг ҳозирги даражасида 2026 йилдаги 102 фоиздан 2035 йилда 125 фоизгача ўсади. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ҳаррис президент бўладиган тақдирда қарз 10 йил ичида ўртача қарийб 4 триллион долларга ўсиб, ялпи ички маҳсулотнинг 133 фоизини ташкил этади. Трамп даврида қарз 7,75 триллион долларга кўтарилиб, ялпи ички маҳсулотнинг 142 фоизига етади.

Абортлар

Камала Ҳаррис аборт учун федерал ҳуқуқни тиклашга эришишни режалаштирган, бундай ҳуқуқ 2022 йилда Олий суд томонидан бекор қилинганди. Аммо бунинг учун унга Конгресснинг иккала палатаси: Вакиллар палатасидаги кўпчилик ҳамда 100 нафар сенатордан камида 60 нафари розилиги талаб этилади. Доналд Трамп эса штатлар бу масалани ўз ихтиёрига кўра тартибга солиш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайди ҳамда абортларга федерал тақиқ ҳақидаги қонун лойиҳасини имзоламасликни ваъда қилади.

Иммиграция

Трамп Мексика билан чегарада девор қуриш ишларини якунига етказишни (қурилиш ишлари унинг олдинги муддатида бошланганди), армия ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларини жалб этган ҳолда ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш бўйича АҚШ тарихидаги энг йирик амалиёт ўтказишни режалаштирмоқда. У шунингдек виза олувчилар учун «қатъий мафкуравий текширув» жорий этиш ҳамда жиноятчи ва фирибгар деб топилганларни фуқароликдан маҳрум этишни таклиф қилган.

Ҳаррис президент Жо Байденнинг муҳожирларга бошпана беришдаги чекловлар тўғрисидаги фармонини қўллаб-қувватлайди ва иммиграция ислоҳоти тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолашни ваъда қилади (бу лойиҳа иккала партия томонидан қўллаб-қувватланганига қарамай, Трампнинг мухолифати туфайли Сенатда муваффақиятсизликка учраганди). У АҚШда анчадан буён яшовчи ҳамда қонун билан боғлиқ муаммолари йўқ бўлган ноқонуний мигрантлар учун фуқаролик олиш имкониятини тақдим этади.

Жиноятчиликка қарши кураш

Трамп полиция фаолиятини ислоҳ қилиш ҳаракатига қарши чиқади ва полициячиларнинг ҳибсга олинганлар ҳуқуқларини бузганлик учун фуқаролик даъволаридан иммунитетини кучайтиришга ваъда беради. Унинг сўзларига кўра, полициячилар томонидан «чинакамига шафқатсиз бир кун» жиноятчиликни сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, Трамп оммавий тартибсизликларни бостириш учун армиядан фойдаланиш тарафдори. Ҳаррис олдинроқ полициячилар сонини кўпайтириш жиноятчилик муаммосини ҳал қилмаслигини айтган бўлса-да, энди полициячиларни молиялаштиришни оширишга қарши эмас. У шунингдек, марихуанани декриминализация қилишни ёқлайди.

Ўқотар қуролга эгалик ҳуқуқи

Ҳаррис ўзининг қуроли борлигини айтади, аммо қурол сотиб олувчиларнинг маълумотларини текшириш, штурм винтовкалари ҳамда катта ҳажмли ўқдонларни сотишни тақиқлаш, шунингдек red-flag laws деб номланувчи, суд унинг ўзи ва атрофидагилари учун хавф туғдириши мумкин деб топган одамлардан ўқотар қуролни олиб қўйишга имкон берувчи қонунларни қўллаб-қувватлайди. Трамп эса ҳар қандай янги чекловларга қарши ва Байден маъмурияти бу соҳада чиқарган барча қарорларни бекор қилишга ваъда берган.

Иқлим ўзгариши

Доналд Трамп иқлим ўзгаришини «тарихдаги энг катта фирибгарлик» деб атаган. У Байден даврида қабул қилинган «яшил энергетика»ни ривожлантиришларга субсидияларни тақиқлаш ҳамда нефт ва газ қазиб олишдаги барча чекловларни бекор қилишга ваъда берган. Унинг рақиби эса қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини келгусида ҳам камайтириб бориш тарафдори.

Халқаро сиёсат

Байден каби Ҳаррис ҳам Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттириш тарафдори бўлиб, Россия билан тинчлик келишуви ҳудудларни топшириш ҳамда Украинанинг НАТОга аъзоликдан воз кечиши эвазига бўлмаслиги кераклигини айтган. У АҚШнинг Шимолий Атлантика алянси ва Тинч океани минтақасидаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлайди. Ғазодаги уруш борасида эса Ҳаррис Исроил ўзини Ҳамасдан ҳимоя қилишга ҳақли экани, АҚШ эса унга қурол юборишда давом этиши кераклигини айтади, шу билан бирга, ўт очишни тўхтатишга чақириб, Фаластин давлати тузиш ғоясини қўллаб-қувватлайди.

Ўз навбатида, Трамп АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчиларини танқид қилиб, мудофаа учун жуда кам маблағ ажратиши учун улардан ёзғиради. У инаугурация маросимигача Украинадаги урушга барҳам беришини айтиб, Киев АҚШ томонидан келгусида ҳам қўллаб-қувватланиши масаласини шубҳа остида қолдиради. Трамп Хитой ва Эрон билан қарама-қаршилик масаласида янада қатъийроқ позицияни эгаллайди, Исроилни эса сўзсиз қўллаб-қувватлайди.

Кадрлар сиёсати

Трамп уларни ўзига содиқ одамларга алмаштириш имконига эга бўлиш учун профессионал давлат хизматчиларини ишдан бўшатиш жараёнини соддалаштирмоқчи. Унинг ҳисоблашича, ижро ҳокимияти органлари президентга тўлиқ бўйсуниши, Адлия вазирлиги ва ФҚБ — автономиядан маҳрум этилиши, унинг ўзи эса прокурорларнинг жиноий тергов бўйича қарорларига қўшилмаса, уларни лавозимдан олиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Трамп шунингдек, 2021 йил 6 январида Капитолийга бостириб кирган намойишчиларни афв этишни режалаштирган.

Ҳаррис давлат хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли бўйича анъанавий қарашларга риоя қилади. У ўз маъмуриятига республикачиларни ҳам олишга ва иккала партия вакиллари иштирокида маслаҳат органи тузишга ваъда берган.

P. S. Хўш, ким ғолиб бўлади?

Номаълум. Умуммиллий сўровларда Ҳаррис Трампни арзимас 1 фоизлик устунлик билан ортда қолдирмоқда. Сайлов тақдири ҳал бўладиган етти муҳим штатдан тўрттасида — Невада, Висконсин, Мичиган ва Пенсилванияда Ҳаррис кичик устунликка эга, Жоржия, Шимолий Каролина ва Аризонада —Трампнинг тарафдорлари кўпроқ. Аммо бу штатларнинг ҳеч бирида бирор номзоднинг устунлиги 2 фоиздан ошмайди, бу эса сўровлардаги статистик хатолик даражасидир.

Мавзуга оид